Бугун 21 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилди

A A A
Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилди

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан юборилган парламент сўрови натижаси муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Агентлик томонидан соҳада муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Миллий музей фондининг Давлат каталоги электрон шакли (www.goskatalog.uz) яратилган бўлиб, унга 1,2 млнга яқин музей ашёлари ва коллекциялари киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 майдаги ПҚ–261-сонли Қарорига асосан “Мозийга саёҳат” дастури ташкил этилиб, унинг доирасида 800 мингдан ортиқ аҳолининг музейларга ташрифи таъминланган. Шундан, 82 минг нафари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, 605 минг нафари ўқувчи ва талабалар ҳамда 113 минг нафари давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

“Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси йўлга қўйилиши натижасида 3 400 та маданий бойликлар аҳоли томонидан музейларга беғараз топширилган. Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2022 йилда 307 млн сўмлик 23 та, 2023 йилда 2,4 млрд сўмлик 106 та ашё ва буюмлар аҳолидан харид қилинган.

Мажлисда сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, парламент сўровида кўтарилган қатор масалалар бўйича маълумотлар тўлақонли акс эттирилмаганлиги, шунингдек, муаммолар ҳалигача сақланиб қолаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Жумладан, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этаётгани, “Музейлар тўғрисида”ги Қонуннинг аксарият нормалари эскиргани, соҳада ваколатли органни аниқ белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Музей биноларидан ташқарида музей ашёлари ва музей коллекцияларининг маҳаллий ва хорижий кўргазмаларини ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари белгиланмаган.

Музей биноларини қуриш, таъмирлаш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назардан жиҳозлаш меъёрлари қабул қилинмаган.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида 2022 йилда ташкил этилиши белгиланган реставрация лабораториялари фаолияти йўлга қўйилмаган.

Бугунги кунда музей ашёлари ва коллекцияларини реставрация қилишга қаратилган марказлашган лаборатория ташкил этилишига эҳтиёж мавжуд.

Музейлар бинолари таъмир талаб ҳолатда, айримларида иситиш ва совитиш тизими ишламайди, моддий техник базаси маънан эскирган.

Музейлар экспозициясининг техник жиҳозлари музей талаблари ва стандартларига мос келмайди.

Хусусан, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи 1968 йилдан буён таъмирланмаган, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейининг коммуникация тизими 1970 йилдан бери реконструкция қилинмаган. Тамара хоним уй-музейи ҳам капитал таъмирга муҳтож.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сонли қарорига асосан Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига 2021 йилдан буён Тошкент шаҳрининг Адиблар хиёбони – “Маънавият” шаҳарчасида янги бино қурилиши таъкидлаб келинмоқда. Аммо ҳалигача мазкур масала ўз ечимини топмаган. Музейни таъмирлашни назарда тутувчи Президент ҳамда Ҳукумат қарорлари ижроси таъминланмаган. Музей биносида шароит йўқлиги сабабли унда сақланаётган 69 575 та ноёб ашё хавф остида қолмоқда.

Музейларда чипталар сотишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, киришда электрон ҳисобга олиш тизимига эга турникетлар ўрнатиш ишлари бажарилмаган.

Музейлар соҳасидаги қонун бузилишлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитлар таҳлил қилинмаган.

Миллий музей фондининг Давлат каталоги босма шакли чоп этилмаган.

Республикадаги музей раҳбар ходимлари ва мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган. Музей ашёлари ва коллекцияларини экспертизадан ўтказиш учун мутахассислар етишмайди.

Муҳокама сўнггида сенаторлар юқоридаги масалаларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли чоралар белгиланган Сенат қарорини бир овоздан маъқуллашди.

Киритилди: 12:06 23.06.2023. Ўқилди: 1632 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!