Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Мурод Хонтўраевга тан жароҳати етказган қора ниқоблиларга қандай жазо берилди?

Мурод Хонтўраевга тан жароҳати етказган қора ниқоблиларга қандай жазо берилди?

Ўзбекистон Республикаси Олий суд матбуот хизмати вакили Азиз Обидовнинг «7news.uz»га маълум қилишча, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчилар С. Акбаров (1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган), И. Абдулаҳатов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган), С. Фатхуллаев (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган), О. Садиков (1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), Ж. Сайназаров (1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган), С. Ваденов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) ва Т. Азизов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Акмал Эргашев раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Б. Муслимов ва М. Мирҳамидовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчиларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е”, “к” бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди.

Судланувчилар юқорида қайд этилган жиноятни 2018 йил 26 ноябрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Тошкент савдо маркази” мажмуаси биносининг биринчи қаватидаги “PABLO” кафеси ёнидаги офиснинг ичида фуқаролар М. Хонтўраев, С. Зуннунов ва И. Саидовга нисбатан содир этишган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди С. Акбаровга 6 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, И. Абдулаҳатовга 6 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, С. Фатхуллаевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, О. Садыковга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Т. Азизовга 6 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Ж. Сайназаровга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва С. Ваденовга 6 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига судланувчилар томонидан чиқарилган ҳукмга нисбатан берилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

2019 йил 22 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчилар А. Назаров (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган), Д. Қаюмов (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган) ва С. Ортиқов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.

Ушбу судланувчиларга юқорида кўрсатилган судланганлар билан бир гуруҳда бўлганликлари ҳақида айб эълон қилинган.

А. Назаров, Д. Қаюмов ва С. Ортиқов қидирувда бўлганликлари ва энди ушланганликлари сабабли уларга нисбатан юритилган жиноят иши алоҳида кўриб чиқилади.

Мазкур жиноий ишни кўриб чиқиш бўйича судда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Абдулла Абдулхаев раислик қилади.

Киритилди: 18:08 13.08.2019. Ўқилди: 2333 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!