Шу кунлари ижтимоий тармоқларда Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” мақоласи боис баҳслар қизғин тус олди.
Энди...
Негадир, “пуфак”юзага чиққан кунлари ҳазрат Алишер Навоий ва Биноий ҳақидаги латифа ижтимоий тармоқларда бот-бот айланяпти.
Бу бежизга эмас.
Биноий Навоийга қараб: “итингиз бунча “наво” қилодур? Қайдан топгансиз буни?”, дея сўз ўйини қилса, Навоий: “билмасам, кўчада чанг босиб ётган экан, уйга келтириб, ювиб-тарасам, “биноий”дан ит бўлди, дея жавоб қайтарган экан.
Хуллас,ўз вақтида Ислом Каримов Мурод Муҳаммад Дўстни ювиб-тараб, биноийдай ишга жойлаб, амал бериб, арзандага айлантирди, олдига тилло товоқ қўйди. Ўзидан ортган энг сара илик суякларни гўшти билан қўшиб, Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг ялоқхўр шерикларига берди.
Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари бугун ўша тилло товоқни, ўша гўштли илик суякларни қўмсаяпти. Улар, минг афсуски, бугун ана шу тилло товоқдан ажраб қолганлари сабабли, минг сакраса-да, шифтга илиғлик ана шу нарсаларга етолмаган тулки каби “пуф¸пуфак сассиқ” дея мақолаларэълон қилмоқдалар.
Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари -Каримов даври арзандалари - ўзларини гений дея аташларини жуда истайдилар. Ўзларининг ҳар бир ибораси тиллардан тилларга кўчишини, шу аснода машҳурлик тахтасига битилишини истайдилар. Аммо, ана шунга лойиқ бир иш қилдиларми, улар?!...
Тан олиш керак. Булар орасида Мурод Муҳаммад Дўстнинг биргина “Дашту далаларда” номли ҳикояси бор. Бу ҳикоя минг йил олдин ўқилганда ҳам, минг йил кейин ўқилса ҳам, бугунгидай ўқилади.
“Дашту далаларда” ҳақиқий гениал ҳикоя.Ҳикояга шахсан мен тан бераман. Лекин...Бўлган гап шу...
Бўладиган гап шу...
2. Лекин...
Мурод Муҳаммад Дўст нега “Пуфак”ни эълон қилди?.
"Энди яна тилло товоқ келар, ичида гўштли илик суяк бўлар” , деб узоқ кутди. Аммо...
... у узоқ кутган нарса келмади.
Аксинча, Мурод Муҳаммад Дўстга:: “Кутма. Умид қилма...”, деган садо келди.
Ана шунда “Биноий”...
Алам қилади-да!
Тўғрими?
Узоқ кутсангу, кутганинг келмаса?! Бу ёғи... қорнинг оч бўлса... Оч қорин эса... пуфакдек пақиллаб кетиши ҳеч гап эмас...
3. 1991 йил 17-18 октябр.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг съезди Алишер Навоий номли опера ва балет театрида давом этяпти. Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раислигига қолдирилсин, деган таклиф киритилгандан сўнг бир гуруҳ қўзғолиб кетди. “Бунақаси мумкин эмас. Алтернатив Сайлов уюштирамиз”, дейишди ва Хуршид Даврон номзодини кўрсатишди. Яна кимнингдир номзодини кўрсатишди. Улар сўзга чиқиб, ўз программаларини эълон қилишди ва кейин Одил Ёқубовдан ҳам программа талаб қилишди. Шунда мен сўзга чиқаётган Одил Ёқубовнинг йўлига чиқиб:
- Одил ака, гапирманг,Сиздан программа талаб қилиш сиз учун, ўзбек адабиёти учун ҳақорат! Сўзламанг, - дея илтимос қилдим.
- Бир укамиз туппа тузук ижодкорларни итга ўхшатди, - дея мендан ўпкалади.
Аммо... шу тобда Одил Ёқубовни тўхтатиб бўлмас эди. Гапирди. Жўшиб, ёниб гапирди. Раис сифатида Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларнинг асарларига йўл очиб берганини, раис сифатида “Бирлик”, “Эрк”ка йўл очиб берганини ва... ҳоказолар ҳақида жўшиб гапирди. Аммо “улар менинг қадримга етишмаяпти”, дея нолигандек ҳам бўлди.
Қарашдики, йиғинда Одил Ёқубов ютиб кетяпти. Ҳаммаси ойдинлашди. Мағлубиятини тан олишни истамаган ушбу гуруҳ шантажга ўтди. Гуруҳнинг етакчиси таниқли бир адиб: “сиз шунақа миннат қилаверадиган бўлсангиз, сиз бош бўлган уюшма аъзоси бўлиб қолишни истамайман”, дея ўрнидан туриб келиб, уюшма аъзолиги билетини Одил Ёқубов олдидаги стол устига ташлаб, мажлисхонани тарк этди. Унинг изидан Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, жами 14 нафар уюшма аъзоси чиқиб кетишди.
Шундан сўнг мен сўз олиб: “Одил ака, нима бўлса бўлди. Энди... сиз уюшма раиси бўлиб ишлаб турар экансиз, ҳаммасига чидайсиз. Ахир Абдулла Орипов айтганку:
Дейдилар, ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу маломатдан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг,
Деганидек, чидайсиз, Одил ака, дея далда берган бўлдим.
Мендан кейин Аҳмад Аъзам:
Лекин,... нима бўлганда ҳам мен бор ҳақиқатни айтган эдим.Ўшанда улар Одил Ёқубовни итдек талаб ташлашга интилдилар. Негаки, улар уюшма раислигини олмоқчи эдилар. Негаки, ўша кунлари уюшма раислиги мавқеи жуда, жудаям баланд эди. Уларнинг ана шу кайфиятини теран англаб етган Ислом Каримов уларнинг етакчиларидан бири Мурод Муҳаммад Дўстни ўз ёнига чорлаб, “тўйганингча е!”,деб, олдига олтин товоқ қўйиб қўйди. Кейин Мурод Муҳаммад Дўст ушбу олтин товоққа... Кейин эса... ҳамиша уларнинг бошлари олтин товоқдаги гўштли илик суякда бўлгани туфайли овозлари ўчди. Ҳатто “Ўзбекфильм” ҳам шу олтин товоқ обод бўлиб туриши учун қурбон қилинди. Эҳ-ҳеее, не-не қурбонлар берилмади олтин товоқнинг ободчилиги учун! Шунақа устомон эди раҳматли Ислом Каримов.
Мурод Муҳаммад Дўст янги Президентдан узоқ кутди ўз ёнига чорлашни, аммо... барча умидлари пақ этиб ёриладиган пуфакка айлангандан сўнг... ёзғириб мақола ёзди. Ҳаммаси сароб деди. Мендек хокисор даҳонинг қадрига етмаяптими, билиб қўйсинларки, ҳаммаси тез кунда пуфакдек ёрилиб кетади, дея “башорат” қилди.
Мен адашмаяпман, ҳар бир иборани, сўзни билиб қўллаяпман. Булар ҳаммаси ўзларини гений деб ҳисоблашади. Ҳар бир гапим, сўзим тарихда муҳрланажак, деган ишонч билан чертиб чертиб, доналаб сўзлашни хуш кўришади. (Йилномачилар ёзиб олиб, кейин эълон қилади, дея ўйлашади-да.)
Бир пайтлар, 1980 йиллар нари-берисида, Мирза Кенжабоев айтишича, ёш ижодкорлар бир даврада: “ким энг зўр усулда мақтана олади?”, деган мусобақа ўйнашибди. Униси “у” дебди, буниси “бу” дебди. Ниҳоят навбат етганда Рауф Парфи: “Мен жуда камтарман”, дебди-да, жим бўлибди. Барча унинг гапининг давомини кутибди. Аммо Рауф Парфи жиммиш. Кейин гап нимадалигини англашипти-ю, даврада гурра кулги кўтарилиб, Рауф Парфига биринчи ўринни тақдим этишибди.
Хуллас, Мурод Муҳаммад Дўст ҳам худди шу тахлит мақтанишнинг усулларини излаяпти. Яъни ўзига бугунги раҳбарларнинг эътиборини тортмоқчи. Ўзини тан олишларини истаяпти. Аммо... агар янги ҳукумат ҳам Ислом Каримов йўлини тутиб, олтин товоқни қайтариб олдига қўйса, ўша куниёқ Мурод Муҳаммад Дўстнинг уни ўчади. Ўша куниёқ бошқача қилиқ қила бошлайди.
Мана кўрасизлар...
Негаки, ўрганган кўнгил ўртанса ёмон...
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ