Бугун 17 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Мурғак жонга кўтарилган қўл

Мурғак жонга кўтарилган қўл

Мен доим кимгадир аччиқ қилиб, фарзандларимни калтаклайман. Асабийлашиб жаҳлим чиққанида ўзимни қўлга ололмай қоламан. Ҳар гал болаларимни калтаклаб бўлгач, кейинги сафар урмайман деб ўзимга сўз бераману, лекин бу ҳолат яна такрорланаверади».

Шоҳиста

Бу аёл эрининг аламини фарзандларидан оляпти. У ўзининг асабий бўлиб қолганининг сабабини излаши керак. Нима учун ҳаётдан хафа, болалигидан руҳан эзилганми (масалан: эътиборнинг камлиги, истаги амалга ошмагани), қайси асосларга кўра бугун атрофдагиларга шахсий фикрини баён эта олмайди, уни хўрлашганида, камситишганида индамай туради – шу саволларга жавоб топса, аламзада бўлганининг сабабини тушуниб етади.

Энг яхши усул: ўзини хафа қилган одамлар (ота-онаси, турмуш ўртоғи, қайнона, ён-атрофдагилар) билан очиқчасига гаплашсин. Агар бундай қила олмаса, қўлига қалам олиб, кимлардан ранжиганини қоғозга ёзиб чиқсин. Гап шундаки, инсон хотирасидаги барча хафагарчиликлар унинг танасида ҳам сақланиб қолади. Бу аёлнинг онги гарчи тўғри йўлни кўрсатиб турса-да, танаси болаларидан ўч оляпти. Демак, танани тозалаш керак.

Тоза қоғознинг биринчи устунига нима учун хафа бўлганини ёзсин, кейин ранжитган одамнинг ўрнига ўзини қўйиб, ташқаридан ўз ҳаракатларига назар солсин. Иккинчи устунга англаганларини қайд этади («мени нега уришганини тушуниб етдим, хатоларимни англадим» деган жумлалар билан), бунинг натижасида анча енгиллашади. Учинчи босқич – ранжиган инсондан рози бўлишдир. Яъни, «мен сизни кечирдим, сиз ҳам мени кечиринг» деган сўзлар айтилади. Тўртинчи босқич миннатдорлик бўлиб, бу бўлимда ранжиган инсони билан ўтказган бахтли онларини «ўша пайтда сиз мени қўллаб-қувватлагансиз, миннатдорман» деб хотирлаш керак. Шу тариқа нечта одамдан хафа бўлса, ҳар бири ҳақида тўртта устунга ёзиб чиқса, юраги анча бўшайди.

Ҳар куни шукроналик билан яшасин, ана шунда ҳаёти яхши томонга ўзгаради, фарзандларига ҳам қўл кўтармайди.

Калтак эсда қолмаслиги мумкин, аммо...

Бахт-саодатнинг сири биз орзу қилган нарсамизда эмас, борига қаноат қилишимизда, чунки инсонда орзунинг ниҳояси йўқ!

Боримизга шукр қилайлик.

Умуман айтганда, болаларни, айниқса, етти ёшгача калтаклаш мутлақо мумкин эмас. Бу уларнинг келажакдаги ҳаётига катта таъсир ўтказади. Калтаклар бола хотирасида муҳрланмаслиги мумкин, аммо ботиний онгида барибир сақланиб қолади. Натижада улғайиш даврида у ўзини кераксиз шахсдек ҳис этади. Катта бўлганида эса «мен нима учун ҳеч кимга керак эмасман?» деб «қурбон» ролида яшайди.

Болалигида ота-онасидан қаттиқ хафа бўлган инсон ҳаётда ўз ўрнини топишга жуда қийналади. Шундай экан, фарзандларимизнинг етти ёшгача бўлган тарбиясида биз, катталардан оғир-вазминлик талаб этилади. Афсуски, охирги пайтларда бундай ёндашувлар кўпчиликда камайиб кетяпти.

Гап шундаки, етти ёшгача бўлган боласига гапини тушунтириб, ҳукмини ўтказа олмаган онанинг ўзи ҳали ёш бола психологиясида қолиб кетган ҳисобланади. Боласини калтаклаётган она фарзандининг даражасида турибди.

Азиз аёллар, унутманг, болангизни беш ёшида йўлга солмадингизми, ўн беш ёшида ҳам уддалай олмайсиз. Бақиряптими, уришяптими, бу ҳолатда ота-она кучли шахс эмас. Аксинча иродали, сабрли бўлиб, боласига қайта-қайта тушунтирса, яхши натижага эришиш мумкин. Оналар фарзандини болалигиданоқ ёнига олиб, ҳамма ўгитни босқичма-босқич ўргатиб бориши керак. Фарзандларини эмин-эркин қўйиб, кўп нарсага рухсат берадиган ота-оналар бор. Натижада болалар «менга ҳамма нарса мумкин экан», деган фикрга боради.

Бир воқеани айтиб берай. Ҳузуримга она боласини олиб келди. Суҳбатлашиб бўлганимиздан сўнг улар билан хайрлашдим. Боласи беш дақиқа илгари ўйнаб ўтирган ўйинчоқлар сочилган жойида қолди. Демак, атрофни тартибсиз ташлаб кетиш болакай учун оддий ҳолатга айланган. Агар шу жойда она ўйинчоқларни сочиб кетиш тартибсизлик эканини тушунтирса, келгусида бундай вазиятларда боласи билиб тўғри иш қилади. Яъни бундай тарбия ботиний онгида сақланиб қолади. Болаларга бетартиб, пала-партиш ҳаёт кечиришга рухсат бермаслик керак.

Ота-оналарнинг боласи етти ёшга тўлгунига қадар амалга оширган машаққатли меҳнати келажакда албатта ўз мевасини беради. Бу ёшдан кейин эса кечиккан тарбия беришдан наф йўқ. Шундай экан, тарбия бобида дангасаликка йўл қўйманг!

Аммо нима бўлганда ҳам унутманг, калтак дилбандингизга ҳеч қандай фойда бермайди.

Киритилди: Бугун 13:20. Ўқилди: 418 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!