Бугун 19 апрель, 2025 йил, шанба

O'ZB

Мулоқотдаги ёлғон аргументлар ва манипуляция усуллари

A A A
Мулоқотдаги ёлғон аргументлар ва манипуляция усуллари

Ҳаётимиз давомида ҳар хил вазиятлар ва сабаблар туфайли турли хил касб эгалари ва суҳбатдошлар билан мулоқотда бўламиз ва ахборот алмашамиз.

Ушбу мулоқотлар жараёнида суҳбатдошларимиздан аниқ фактлар ва далилларга асосланадиган ишончли маълумотлар билан бир қаторда, айрим ҳолларда исботланмаган ва ҳақиқатдан йироқ бўлган ахборотларни ҳам қабул қиламиз. Баъзан эса ўзимиз истмаган ҳолда, суҳбат жараёнида ёлғон ахборотларга ишониб қолишимиз ва манипуляция қурбони бўлишимиз ҳам мумкин.

Манипуляция соҳиблари суҳбатдошини ҳақиқатдан узоқ бўлган маълумотларга ишонтириш учун воқеага алоқаси бўлмаган ноўрин ўхшатишлар, бирор жисм ёки воқеанинг қисмларидаги хусусиятларидан умумий хулоса чиқариш, жамиятда узоқ вақт давомида амалда бўлиб келган стереотипларни далил қилиб кўрсатиш ва бошқа қатор усуллардан унумли фойдаланишади.

Бундай ёлғон ва асоссиз маълумотларга тезишониб қолмаслик учун эшитганларимизнимантиқан ва танқидий нуқтаи назардан таҳлил қила олсак, бизга янглиш маълумот беришганига ёки бўлмаса асл воқеликдан чалғитишганига гувоҳ бўламиз. Қуйида келтирилган мисоллар бизга ёлғон аргументларни ва манипуляция усулларини ўз вақтида тушунишга ёрдам беради.

Масалан, баъзан эшитиб қоламиз, “агар тамаки маҳсулотлари зарарли бўлганида, одамларулардан аллақачон воз кечган бўларди”. Ушбу асоссиз аргумент йиллар давомида тамаки маҳсулотлари инсонлар томонидан истеъмол қилиб келингани учун унинг зарари ҳақидаги ахборотни ёлғонга чиқаришга қаратилган. Аслида мантиқан ўйлаб қаралса, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатларини узоқ вақт давомида бошидан кечираётган инсонлар талайгина топилади. Бундан ташқари, замонавий тиббиёт технологияларининг янада ривожланишибилан тамаки маҳсулотларининг зарарли оқибатларини кўпроқ аниқлаш имконияти пайдо бўлди. Шу боисдан, тамакининг зарари ҳақидаги янги ахборот юқоридаги асоссиз аргумент орқали рад қилиниши мумкин эмас.

Қайсидир нарсанинг эскилиги ёки унинг узоқ вақтлар давомида жамиятда мавжуд бўлганлиги унинг тўғрилиги ва яхшилигини англатмаслиги, шунингдек, янглиш хулосалар чиқаришимизга олиб келмаслиги керак. Бирор бир ишнинг олдин маълум усулда қилинганлиги, бундан кейин ҳам айнан ўша эски йўсинда давом эттириш керак деган хулоса бизни фикрлаш ва масаланинг ечимига янги ғояларни қўллашдан чеклаш билан бир қаторда, қарор қабул қилиш каби ноёб қобилиятларимизни ҳам ўтмаслаштириб боради.

Бундан ташқари, исботланмаган ва статистикасини аниқлаш имконияти бўлмайдиганасоссиз аргументларга қараб хулоса чиқаришимиз бизни нотўғри қарорлар қабул қилишимизга олиб келади. Манипуляция ишлатаётгансуҳбатдошларимиз эса бундан унумлифойдаланишлари мумкин. Мисол учун, “биз компаниямизга Жасурни ишга олмаслигимиз керак деб, ўйлайман. Чунки, у балиқ тутишга қизиқади, одатда, кўпроқ ишёқмас одамлар балиқ тутишга қизиқади”. Биз ушбу аргументга ишонадиган бўлсак, Жасурни ишга олмаслигимиз керак. Лекин, қарор қабул қилишдан олдин таҳлил қилиб кўрайлик. Балиқ тутадиган одамларнинг ишёқмаслиги тўғрисида ёки бўлмаса ишёқмас одамларнинг неча фоизи балиқ тутиши тўғрисида аниқ статистик маълумотлар борми?! Йўқ, албатта.Бундай статистикани аниқлаш ҳам қийин масала.Демак, аниқ асосларга эга бўлмаган ва исботланмаган юзаки ва саёз аргументни кучли қилиб кўрсатиш орқали қарор қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказилмоқда.

Психологияда “қудуқни заҳарлаш” деб номланган манипуляция усули мавжуд. Мулоқот ёки музокаралар жараёнида баъзан манипуляция қўллаётган суҳбатдошларимиз ўз фикрларига ва ғояларига аудиторияни ҳеч қандай шубҳаларсиз ишонтириш учун бу усулни моҳирона қўллашади. Масалан, “ушбу лойиҳага жуда оз маблағ сарфланганини фақат овсар одамгина билмаслиги мумкин”. Бу мунозара жараёнида қатанашаётганларда ушбу лойиҳага кўп маблағ сарфланганлиги тўғрисида асосли фактлар ва аргументлар бўлиши мумкин, аммо улар бошқалар олдида ўзларининг “овсар” эмаслигини исботлаш учун айтиши лозим бўлган фикрларидан ва далилларидан воз кечишади. Чунки, музокара жараёнини манипуляция қилаётган шахс бу мавзуга ҳеч ким тегмаслиги ва унга қарши чиқмасликлари учун уни суҳбат бошидаёқ “заҳарлаб” қўйди.Кундалик ҳаётимизда ва иш жараёнида учрайдиган бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бугун ахборот асри шиддат билан ривожланишда давом этар экан, жуда кўплаб ишончли ва ишончсиз маълумотларга дуч келишимиз табиий ҳол. Улардан ўзимизга фойдалисини олиш ва янглиш хулоса чиқаришдан сақланиш учун бироз мантиқан ўйлаш ва таҳлил қилиш талаб этилади.

Муроджон Мустафоев, мустақил тадқиқотчи​

Киритилди: 17:24 08.04.2025. Ўқилди: 626 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!