Бугун 26 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари Президент мактабида

A A A
Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби”   ўқувчилари Президент мактабида

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона, Самарқанд ва Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ўқувчиларининг тарихий обидалар, музейлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга мунтазам ташрифлари уюштирилмоқда.

Улар учун илк бор Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ташкил этилган экскурсия бир олам таассурот қолдирди.

Пойтахтимиздаги Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари бўлажак ҳарбийларга ҳамроҳлик қилган ҳолда, уларни жаҳон стандартлари даражасида барпо этилган замонавий таълим муассасаси билан яқиндан таништирди. Жумладан, ушбу масканда таълим олиш учун яратилган шароит, имконият ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

– Мактабимизда она тили ва адабиёти, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, Ватан туйғуси, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, дунё динлари тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари сингари фанлар ўзбек, бундан ташқари аксарият фанлар инглиз тилида ўқитилади, – дейди Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Меҳринисо Шаймардонова. – Шунингдек, ўқув муассасамизда 18 нафар маҳаллий мураббийлар билан бир қаторда 11 нафар хорижлик мутахассислар ўқувчиларга фан сирларини астойдил ўргатяпти. Шуни таъкидлаш жоизки, Президент мактабида ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани орқали ҳарбий-ватанпарварлик руҳида вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– Президент мактаби ўқувчилари билан инглиз тилида осон мулоқотга киришдим, – дейди Самарқанд «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси Нурмамат Эшпўлатов. – Бу ерда ўзбек ва жаҳон адабиётлари билан тўлдирилган муҳташам кутубхона, юқори технологиялар асосида жиҳозланган компьютер синфлари, тўрт маҳал овқатланишга мўлжалланган алоҳида ошхона, барча зарур инвентарлар билан таъминланган спорт зали, сузиш ҳавзаси, шинам ётоқхона ўқувчилар ихтиёрида. Ўз навбатида, биз ҳам уларни «Темурбеклар мактаби» фаолияти билан танишиш учун таклиф этдик.

Шу куни ёшлар саёҳатни сермазмун ўтказишди ва бир-бирлари билан ўзаро фикр алмашиб, келажак орзулари ҳақида сўзлаб беришди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

 

Киритилди: 18:21 31.10.2019. Ўқилди: 5699 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!