Москва ва Москва вилояти бир йилдан ортиқ вақт ичидаги энг йирик дрон ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, 17 киши турли даражада жароҳат олди.
Россия расмийларига кўра, дронлар Москва нефтьни қайта ишлаш заводи, Зеленоград ҳамда пойтахтнинг шимоли-ғарбий қисмидаги объектларга зарба берган. Айрим ҳудудларда ёнғинлар юз бергани, саноат объектлари ва инфратузилмага зарар етгани маълум қилинди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг айтишича, ҳужум 17 май куни тонг соатларида бошланган. Асосий зарбалар Москва ҳалқа йўли ва Шереметьево аэропорти яқинидаги ҳудудларга тўғри келган.
Украина президенти Владимир Зеленский тунги ҳужумни Россиянинг Киев ва бошқа шаҳарларга берган сўнгги зарбаларига “адолатли жавоб” деб атади. Унга кўра, Москва ҳам уруш оқибатларини ҳис қилиши керак.
Таҳлилчилар бу ҳужумни Украина томонининг Россия ҳудуди ичкарисига берган энг катта зарбаларидан бири сифатида баҳоламоқда.