Москва Киевдан Украина Қуролли кучлари томонидан Курск вилоятида асирга олинган ҳарбий асирларни алмашиш бўйича музокаралар ўтказишни сўраган. Бу ҳақда пайшанба куни Украина парламентидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец маълум қилди.
Украина расмийсига кўра, музокараларда Россия томонига инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Татяна Москалкова бошчилик қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, Украина аллақачон ҳарбий асирлар билан боғлиқ вазият ҳақида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва БМТни хабардор қилган.
Financial Times газетаси ҳам Украина ҳарбий разведкасидаги манбасига таяниб, музокаралар жараёни бошлангани ҳақида хабар берди. Нашр суҳбатдошлари муҳокама қилинаётган айирбошлашда иштирок этиши мумкин бўлган маҳбуслар сонига аниқлик киритмади.
Financial Times Курск вилоятида асирга олинган рус аскарларининг умумий сонини юзлаб билан ўлчаш мумкинлигини ёзади. Индепендент газетасининг Украинанинг юқори мартабали ҳарбийлари орасидан суҳбатдоши Украина Қуролли кучларининг операцияси натижасида россиялик ҳарбий асирлар сони 2 минг кишига етганини айтди.