Фёдоров ўз истеъфосини ижтимоий тармоқларда амалда тасдиқлади ва "мудофаа вазири лавозимида Украина халқига хизмат қилиш катта шараф бўлганини" ёзиб қолдирди.
У ўз жамоасининг муваффақиятларини, жумладан, россияликлар учун "Starlink"ни ўчириб қўйиш, Қримдаги "логистик локдаун" ҳамда ўрта ва узоқ масофаларга зарба берувчи дронларни харид қилишни санаб ўтди.
Аввалроқ Украина ОАВлари Фёдоровнинг Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Александр Сирский билан низоси ҳақида хабар берган эди. "Украинская правда"нинг ёзишича, Владимир Зеленский "Слуга народа" фракцияси йиғилишида Фёдоров истеъфосига унинг Сирский билан низоси сабаб бўлганини тасдиқлаган. Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимига ҳозирда ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи бўлиб турган Игор Клименко номзоди илгари сурилади, деб қайд этади нашр. Фёдоров Украина президенти жамоасида қолиши ва янги лавозимга ўтиши кутилмоқда.
Михаил Фёдоровнинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар унинг жамоасида оммавий танқидларга сабаб бўлди.
Блогер ва кўнгилли Сергей Стерненко эндиликда мудофаа вазири маслаҳатчиси эмаслигини маълум қилиб, "бугун давлатимиз ғалабадан анча узоқлашди", деб баёнот берди.
Мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов ҳам Фёдоровни қўллаб-қувватлаб чиқди ва унинг кетишига амалдорнинг коррупцион схемаларга қарши курашгани сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.