Қоҳира яқинида иккита йўловчи поезди тўқнашиб кетди.
8 ноябрь, якшанба куни Мисрда камида етти кишининг ҳаётига зомин бўлган йирик темир йўл ҳалокати содир бўлди. Яна 125 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда Reuters мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Тўқнашув Қоҳирадан жанубда, Гиза вилоятининг Ал-Айят туманида содир бўлган. Миср темир йўлларининг дастлабки маълумотларига кўра, Гизадан Ал-Фаюмга кетаётган поездлардан бири Қоҳирадан Асвонга кетаётган бошқа поезднинг орқа қисмига урилган. Зарба шунчалик кучли эдики, бир нечта вагон рельсдан чиқиб кетган.
Ҳодиса жойига қутқарувчилар, тиббиёт бригадалари ва махсус темирйўл техникаси юборилган.
Миср расмийларига кўра, жабрланганларни шифохоналарга етказиш учун 70 дан отиқ тез ёрдам машинаси жалб қилинган. Ярадорлар учта шифохонага етказилган.
Ҳозирда авария сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб борилмоқда.
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси фожиа тафсилотлари бўйича "шошилинч тергов" ўтказишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни буюрди.