Аргентина парламенти 4 декабрь куни коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши кураш учун маблағ жалб этиш имконини берувчи катта хусусий мулклар эгалари учун солиқ киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини маъқуллади, деб ёзади «РБК».
Қонунчилик мажлисининг "Twitter"ида хабар берилишича, COVID-19’га қарши курашга «ҳамжиҳатлик юзасидан ва режадан ташқари ҳисса қўшиш» ҳақидаги қонун лойиҳасини 42 депутат қўллаб-қувватлаган, 26 нафари унга қарши овоз берган.
Бир марталик 2 фоизли солиқ хусусий мулки 200 миллион песо (2,45 миллион доллар)дан зиёд бўлган фуқаролар учун жорий этилади. Ҳукумат янги фискал восита орқали жами 3,7 миллиард долларга яқин маблағ йиғиб олишни мўлжалламоқда.
«Солиқ режадан ташқари, чунки ҳозирги вазият ҳам режадан ташқари», — деди ҳукмрон партиядан сенатор Анабел Фернандес Сагасти ўз Twitter’ида. Унинг сўзларига кўра, солиқни катта мол-мулкка эга 9,3 минг киши тўлайди.
Аргентина иқтисодиёти 2018 йилдан буён рецессия (пасайиш) ҳолатида бўлиб, у бу йил ҳам шундай ҳолатни намоён этиши мумкин. Мамлакатда инфляция даражаси юқори, ночорлик ҳам кескин ўсиб бормоқда.
Янги солиқдан тушган даромадлар коронавирусга қарши ускуна ва маҳсулотлар сотиб олишга, кичик ва ўрта бизнесни, камбағал ҳудудларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, мамлакат газ тармоғини ривожлантиришга йўналтирилади.
Аргентина дунёда коронавирусга чалинганлар сони бўйича тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди. Пандемия бошидан буён мамлакатда 1,45 миллион киши COVID-19’га чалинган, 39,5 минг киши вафот этган.