Мажбурий ижро бюроси Оқдарё туман бўлими томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 6118-сонли Фармон асосида суд ва бошқа мутасадди органлар қарорларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2025 йилнинг 5 ойи давомида 127,4 миллиард сўмлик 14 601 та ижро ҳужжати бўйича тадбирлар амалга оширилди, шундан 96,6 миллиард сўмлик 9 052 та ижро ҳужжати якунланди. Асосий эътибор давлат манфаатларига хизмат қилувчи қарорлар, солиқ қарздорлиги, давлат божи, жарималар ва алимент қарздорликларини ундиришга қаратилди.
Шунингдек, 1,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ “Дафтарлар”га ундирилди.
Президентнинг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сонли қарорига мувофиқ, қарздор фермер хўжаликларининг ер майдонлари аукционга қўйилиб, тушган маблағлар қарзларни қоплашга йўналтирилмоқда.
Алоҳида эътибор алимент ундириш ва оилаларни яраштиришга қаратилди. 121 та оила яраштирилди, 238 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилди. Алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаган 4 нафар шахс жиноий, 24 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қарздорликни бартараф этиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фаолиятини давом эттирмоқда.