Meta Platforms испан оммавий ахборот воситаларига қарши судда ютқазди ва корпорация 87 та маҳаллий ОАВга 479 миллион евро тўлаши керак бўлади.
Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Испания оммавий ахборот воситалари корпорацияни реклама бозорида ҳалол рақобат қоидаларини ва Европа Иттифоқининг маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузганликда айблаб, 2023 йил декабрида судга мурожаат қилган. Даъвогарларнинг сўзларига кўра, Meta 2018 йилнинг майидан 2023 йилнинг августигача бўлган даврда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини “оммавий” ва “тизимли тарзда” тўплаган, кейин эса бу маълумотлардан мақсадли реклама учун фойдаланган.
Судьянинг ҳисоб-китобига кўра, компания ушбу беш йил ичида рекламадан камида 5,3 миллиард евро даромад олган. Бу миқдор суд томонидан 2018 йилги Европа Иттифоқининг маълумотларни ҳимоя қилиш қонунини бузган ҳолда олингани аниқланган.