«Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси АҚШ Олий футбол лигаси (МЛС) доирасида «Атланта»га қарши ўтказилган учрашувда дубль қайд этди. Мазкур баҳс майамиликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
39 ёшли аргентиналик футболчи ушбу учрашувда профессионал фаолиятидаги 935 ва 936-голларини киритди.
Месси шу вақтга қадар клублар ва миллий терма жамоа сафида жами 1181 та учрашувда майдонга тушиб, 936 та гол уришга муваффақ бўлган. Шунингдек, унинг ҳисобида 427 та голли узатма ҳам мавжуд.
Ўз навбатида, Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду фаолияти давомида 1340 та учрашувда иштирок этиб, 981 та гол урган ва 261 та голли узатмани амалга оширган.
41 ёшли португалиялик футболчи голлар сони бўйича Мессидан 45 та голга олдинда бормоқда. Аргентиналик юлдуз эса голли узатмалар борасида Роналдудан 166 тага устунлик қилмоқда.