Қашқадарёнинг Нишон туманида яшовчи тиктокер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Севимли» телеканали «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.
Аниқланишича, у TikTok ва You Tube платформаларида "Сардор гангстер" тахаллуси билан чиқишлар қилади. Чиқишларининг бирида «Мен қиз фарзанд кўрмайман, агар хотиним қиз туғса ахлатга ташлаб юбораман», деганидан сўнг унинг гаплари кенг жамоатчилик эътирози ва муҳокамаларига сабаб бўлди.
Маълум қилинишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахслар БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.