- Талабалигимнинг илк йилларида ўқишни битириб, матбуот котиби лавозимида фаолият юритишим хаёлимга ҳам келмасди. Чунки у пайтлар бу касб ҳали юртимизда оммалашмаган эди. Мен тележурналист бўлишни мақсад қилиб қўйгандим. Ташқи кўринишим ва овозим ҳам мос тушарди. Лекин ўқишнинг охирги босқичида барча ташкилотларда матбуот котиби лавозими жорий этилиши ҳақида эшитиб қолдим. Тўғриси, ўша пайт бунга қизиқиш билан муносабат билдириб қўйгандим. Тақдирни қарангки, ўз фаолиятимни айнан мана шу лавозимдан бошладим. Юртимизда замонавий матбуот хизматининг шаклланишида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори катта аҳамият касб этди.
Шиддат билан ўтган бир йил давомида мазкур лавозимда фаолият юритиб етарлича тажриба тўпладим деб бемалол айта оламан. Доим очиқ ойдин гапиришни яхши кўраман. "Бу қиз ҳали ёш, ишни эплай олмайди!" деган назар билан қараган баъзи инсонлар ҳам бўлди. Минг шукрлар бўлсинки, қайноқ шижоатим ва ишимга бўлган чексиз меҳрим улар олдида юзимни ёруғ қилди. Ўзимга яраша ҳурмат ва эъзозга эришдим. Матбуот котибларига ҳали- хануз фақат тадбирларда суратга оладиган фотограф сифатида қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бу, албатта, дилингизни оғритади. Лекин мазкур лавозимнинг моҳиятини англаб етмаганлар сони кундан-кунга камайиб бормоқда. Ривожланган давлатларда матбуот котиблари катта ҳурмат ва обрўга эга. Келгусида бизнинг жамиятимизда ҳам матбуот котиблари юқори мартабали шахсларга айланишига катта ишонч билдираман!
Бугун матбуот хизматининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатлари яхши йўлга қўйилмоқда. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, журналист ва блогерлар билан ҳар доим ҳамкорликда иш олиб бориб, филиал фаолиятини радио, газета ва бошқа сайтларда доимий равишда ёритиб бораман. Мен матбуот котиблари қандай бўлиши керак деган саволга қисқа ва аниқ қилиб «Универсал бўлиш» керак деб жавоб бераман. Уларга фақат ахборот тарқатувчи сифатида қараш адолатдан эмас. Бугун раҳбарлар ўз матбуот котибларига менсимаслик назари билан қарамайди. Бу замон талабига ҳам мос эмас. Аксинча улар билан ҳамжиҳатликда иш олиб борадилар. Бугун мамлакатимизда барча давлат органлари ва ташкилотларида замонавий ахборот хизматлари фаолияти жорий этилиб, мазкур соҳа ходимларининг нуфузи оширилмоқда. Шунга яраша матбуот котибларининг зиммасига залворли вазифалар юклатилган. Улар жамоатчиликка ахборотларни тезкор ва ҳаққоний таризда етказиб беришлари зарур. Очиқлик эса биринчи шиоридир. Шу лавозимга тайинланган ҳар бир шахс масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, вазифасини сидқидилдан бажариши лозим. Бунда уларга яхши шароит яратиб бериш ҳам муҳим саналади. Қулай атмасфера яратмай туриб фақат иш талаб қилавериш ҳам адолатдан бўлмайди. Ўзбекистонда ахборот хизматининг фаолияти борган сари оммалашиб бораётганлигининг гувоҳи бўлябмиз. Замонавий жамият муҳити ҳам шуни талаб этади.
27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳада кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган устоз журналистларимизни, шижоатли ҳамкасбларимизни самимий муборакбод этаман. Барчангизга ғайрат ва омад тилайман. Қадрингиз ҳамиша баланд бўлсин!
Зийўархан Хожамуратова
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали Матбуот котиби