Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Маскдан америкалик болаларга 18 миллиард долларлик совға

Маскдан америкалик болаларга 18 миллиард долларлик совға

Илон Маск АҚШдаги ҳар бир болага SpaceX компаниясининг иккитадан акциясини совға қилмоқчи.

Дунёдаги энг бой инсонлардан бири Илон Маск АҚШда яшаётган ҳар бир болага ўзининг SpaceX космик компаниясидан иккитадан акция совға қилиш ниятида. Акциялардан бири компания номидан, иккинчиси эса шахсан Маск томонидан тақдим этилади. Бу ҳақда миллиардер X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

АҚШда 18 ёшга тўлмаган қарийб 72 миллион нафар бола ва ўсмир истиқомат қилади. SpaceX компаниясининг битта акцияси қиймати 127 доллардан ортиқни ташкил этади. Демак, иккита акциянинг умумий қиймати қарийб 255 долларга тенг. Барча болаларга акция тарқатиш учун тахминан 18,36 миллиард доллар талаб этилади.

Маскнинг таъкидлашича, болалар совғани узоқ кутишига тўғри келмайди. «SpaceX номидан бериладиган акция келаси ойда тақдим этилади», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. Унинг шахсий акцияси эса 2027 йил июнь ойида берилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Маск октябрь ойида ҳам ҳар бир болага компаниянинг биттадан акциясини совға қилишга ваъда берган эди. Энди эса ушбу совғага яна битта акция қўшмоқда.

Дунёдаги энг бой инсон учун бу маблағ унинг умумий бойлигининг нисбатан кичик қисмини ташкил этади. Forbes маълумотларига кўра, Маскнинг бойлиги тахминан 822 миллиард долларга баҳоланган. Унинг ихтиёрида SpaceX компаниясининг қарийб 6,42 миллиард дона акцияси мавжуд. 72 миллион нафар боланинг ҳар бирига биттадан акция бериш учун мазкур акцияларнинг бир фоизидан сал кўпроғини ажратиш кифоя қилган бўлар эди.

Шу билан бирга, Маск ўз космик компаниясининг келажагига катта умид боғламоқда. Унинг фикрича, агар SpaceX бошқа сайёраларни ўзлаштириш ва Қуёш энергиясининг кичик бир қисмидан фойдаланиш имкониятини яратса, келажакда компаниянинг қиймати бугунги жаҳон иқтисодиётининг умумий қийматидан ҳам бир неча баробар юқори бўлиши мумкин.

Маск болаларга ўз акцияларини сақлаб қўйишни ҳам тавсия қилди: «Мен сизларга акцияларингизни сақлаб қўйишни маслаҳат бераман».

Киритилди: 23:10 26.11.2026. Ўқилди: 295 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар