Америкалик тадбиркор Илон Маск Starlink сунъий йўлдош алоқаси фақат фуқаролик ва мудофаа мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланганини, ундан ҳужумкор ҳарбий операцияларда фойдаланиш мумкин эмаслигини билдирди.
«Starlink — тижорий хизмат. Ундан фойдаланиш фуқаролик ёки мудофаа ҳаракатлари билан чекланган. Тижорий компания учун ҳужумкор ҳарбий операцияларда қўлланилиши мақбул эмас», — деди SpaceX асосчиси.
Маск, шунингдек, фуқаролик алоқа тармоғи Starlink ва ҳарбий сунъий йўлдош тизими Starshield ўртасидаги фарқни тушунтирди. Унинг айтишича, Starshield АҚШ ҳукуматига тегишли бўлиб, унинг назорати остида ишлайди. Тизимнинг тезлиги ва дастурий таъминотдан фойдаланиш тартибига оид чекловлар АҚШ Мудофаа вазирлиги ва президент томонидан белгиланади.
Маскнинг баёноти Украина собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоровнинг X ижтимоий тармоғидаги мурожаатидан кейин янгради. Фёдоров Starlink алоқаси соатига 160 километргача бўлган тезликда қайта тиклангани ҳақида ёзиб, ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган Starshield тизимига қўйилган чекловларни тўлиқ бекор қилишга чақирган эди.
Украина президенти маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов эса SpaceX Украина ҳарбийлари учун Starlink ишлаш тезлигини пасайтирганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу айрим режалаштирилган ҳарбий операцияларнинг барбод бўлишига ва реактив дронларни уриб тушириш имкониятларининг пасайишига олиб келган.
Шунингдек, Украина раҳбарияти Россия томонидан баллистик ракеталар учирилиши ҳақидаги разведка маълумотларини ҳамкорлардан икки кундан бери олмаётганидан шикоят қилган.
CNN нашрининг аввалги хабарига кўра, Вашингтон Киевни бундай маълумотларни узатишни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Politico нашри эса Украина Қуролли кучлари Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.