Элит Чемпионлар Лигаси 5-тури доирасидаги «Истиқлол» - «Пахтакор» учрашувидан аввалги матбуот анжуманида бош мураббий Максим Шацких ва ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов иштирок этди.
«Истиқлол»ни ўрганиш ва тайёргарликка кўп вақтимиз бўлмади, лекин имкон қадар рақибни таҳлил қилдик. Ўйин иккала жамоа учун ҳам жуда муҳим саналади. Ҳар бир очконинг қадри катта. Биз яхши ўйин кўрсатган ҳолда ижобий натижа қайд этишга интиламиз. Рақиб сафида деярли барча ҳужумларни Машарипов ташкил қилаётганини айтган бўлардим. Умид қиламанки, эртага унинг куни бўлмайди ва биз уни тўхтата оламиз. Беллашувда режаларимизни ишга солиб, керакли натижага эришишга ҳаракат қиламиз», - деди Максим Шацких.
«Эртанги баҳс ҳар икки жамоа учун жуда муҳим ва ғалабанинг аҳамияти юқори. Биз бор кучимизни бериб, уйга ғалаба билан қайтиш ва ишқибозларимизни хурсанд этишга уринамиз», - дея Ҳожиакбар Алижоновнинг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Маълумот учун, «Пахтакор» эртага 25 ноябр куни Теҳронда «Истиқлол»га қарши майдонга тушади. Ўйин соат 21:00да бошланади.