Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Марказий Осиёдаги геосиёсий муаммолар янада кучаяди(ми?)

Марказий Осиёдаги геосиёсий муаммолар янада кучаяди(ми?)

Шавкат Мирзиёев бугунги куннинг асосий глобал таҳдиди ҳақида гапирди. Ўзбекистон президентига кўра, бу таҳдид геосиёсий кескинликнинг кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Марказий Осиё эса, унинг оқибатларини ўткир ҳис қилмоқда.

29-сессия

Озарбайжон пойтахти шу кунларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари анжуманининг 29-сессиясига мезбонлик қилмоқда. Тадбирда жаҳоннинг 80 дан ортиқ мамлакатидан давлат ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этишмоқда. Шавкат Мирзиёев ўзининг кеча сессия доирасидаги жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Ўзбекистон президенти ўзининг чиқишида иқлим ўзгаришлари бугунги куннинг асосий таҳдидига айланиб бўлганлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев бу таҳдид геосиёсий тангликнинг кучайишига бевосита таъсир қилаётганини айтди.

Миллий тараққиёт стратегиялари йўлидаги тўсиқ

Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можаролар фонида бугун дунёда бўй кўрсатиб турган геосиёсий танглик ва глобал иқтисодий инқироз Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида ҳам жиддий хавотирларга молик масала бўлади. Улар учун бу минтақа барқарорлиги ва хавфсизлиги қадар аҳамият касб этгани кўрилади. Мамлакат раҳбарига кўра, Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари оқибатларини ўткир ҳис қилмоқда. Улар аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқариш йўлида тўсиққа айланмоқда. Камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни таъминлаш, ичимлик суви ва ресурсларидан фойдаланиш муаммолари кучаймоқда. Марказий Осиё шундоқ ҳам камбағаллик, ишсизлик ва коррупция анчайин долзарб муаммолигича қолаётган, кузатувчилар наздларида, ижтимоий портлаш хавфи нисбатан юқори минтақа бўлади. Аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган, аҳолисининг аксарияти четда меҳнат муҳожирлигида банд, тирикчилиги асосан шунинг орқасидан ўтади.

Марказий Осиё муаммолари

Марказий Осиё аҳолисининг умумий сони 80 миллиондан ортади, ҳудуди катталиги жиҳатдан Европа Иттифоқиникига яқин, яқин-яқингача урушлар ичида бўлган ва уч йилдирки, муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаётган Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадош. Аммо ҳосилдор ерлари ва суви кам, сув устидан уруш келиб чиқишидан хавотирлар ошкора билдирилган, ҳавосининг ифлосланиши, қурғоқчилик ва саҳролашиш тобора кучайиши эҳтимоли аллақачон жиддий ташвишларни уйғотиб бўлган минтақа. Қуриб битиши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожега қиёс берилган Орол денгизи ҳам Марказий Осиё - Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган.

Киритилди: 01:52 14.11.2024. Ўқилди: 913 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!