Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Марказий банки бир қатор банкларни 102 миллион сўмдан жаримага тортди

Марказий банки бир қатор банкларни 102 миллион сўмдан жаримага тортди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йил сентябрь–октябрь ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказилди.

Мониторингнинг асосий мақсади — молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланишни текширишдан иборат бўлди.

Мониторинг натижасида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида"ги Қонун талабларига риоя этилмасдан айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда айрим банкларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.

Хусусан, Agrobank, Anor bank, Hayot bank, Universal bank, Garant bank, Asakabank, Turonbank, Infinbank, Mikrokreditbank, Trastbank, Madad Invest bank, Soderot bank, Orient Finans bank, Ipoteka-bank, Tenge bank, Ziraat bank Uzbekistan, AVO bank ва Open bank каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаганлиги кузатилди.

Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ 102 млн. сўмдан жарима чораси қўлланилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилди.

Марказий банк барча тижорат банкларидан:
- ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларига сўзсиз риоя этилиши;
- расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги таъминланиши;
- расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши лозимгини қатъий равишда талаб этади.

Киритилди: 08:40 11.11.2025. Ўқилди: 1094 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!