Бугун 11 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Марадонани даволаган шифокорларга 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин

Марадонани даволаган шифокорларга 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин

Аргентиналик афсонавий футболчи Диэго Марадонанинг ўлими иши бўйича суд жараёни ҳал қилувчи паллага кирди. Прокуратура футболчини даволаган тиббиёт ходимларига 4 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни талаб қилмоқда.

TN телеканали ва Ole нашрининг хабар беришича, 2026 йилнинг апрель ойида Сан-Исидро (Буэнос-Айрес атрофи) шаҳрида етти нафар тиббиёт ходимига нисбатан суд жараёни бошланган. Улар беморнинг ўлимига олиб келган масъулиятсизлик ва совуққонликда айбланмоқда.

Прокурорнинг таъкидлашича, нейрохирург Леополдо Луке Марадонани даволаган асосий шифокор ва унинг ўлимидаги бош айбдор ҳисобланади. Айблов хулосасига кўра, Луке бемордаги юрак етишмовчилиги белгиларини эътиборсиз қолдирган, уни махсус шифохонага ётқизиш ўрнига уй шароитида даволашга кўрсатма берган. Натижада футболчи ўз уйида “амалда ёпиқ эшиклар ортида қолиб кетган”. Ушбу ўлимнинг олдини олиш мумкинлиги ва кўрсатилган тиббий ёрдам умуман талабга жавоб бермаслигини инобатга олиб, прокурор Луке учун энг оғир жазо — 12 йил қамоқ сўраган.

Шунингдек, бошқа мутахассислар учун ҳам қатъий жазолар талаб қилинмоқда:

  • Ненси Форлини (“Swiss Medical” суғурта компанияси координатори) — 10 йил;

  • Агустина Косачов (психиатр) — 8 йил;

  • Карлос Диас (психолог) — 5 йил қамоқ ва 10 йил давомида касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш;

  • Рикардо Альмирон ва Мариано Перрони (тиббиёт ходимлари) — 4 йилдан қамоқ ҳамда 8 йиллик тақиқ.

Эътиборлиси, прокуратура жараёнга жалб қилинган терапевт Педро Ди Спанянни ҳеч нарсада айбламаган. У ўз ишига масъулият билан ёндашган ва вазифасини тўғри бажарган ягона мутахассис деб топилган.

Маълумот ўрнида, Диэго Марадона 2020 йилнинг 25 ноябрь куни 60 ёшида вафот этган эди. Ўлимга ўпка шишишига олиб келган ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган. Ўлимидан икки ҳафта олдин футболчи миясидаги қон қуйқаларини (тромбларни) олиб ташлаш бўйича операцияни бошдан кечирганди.

Киритилди: 00:30 10.10.2026. Ўқилди: 902 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!