Тарих, ўзликни англаш, аждодлар анъанасини муносиб давом эттириш, ёндош, жондош тушунчалардир. Ҳар бир юрт, миллат, инсон ‒ тарихий хотира билан барҳаёт. Жумладан, дунёнинг бошқа миллат-элатлари қатори туркий халқларнинг ҳам узоқ асрларга қадар чўзилган, мозий зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилган тарихини ўрганиш, уларнинг бугунги ҳаётидан хабардор бўлиш, авлодлар онги-шуурига сингдириш барчамиз учун аҳамиятли, албатта.
Юртимизда яқиндагина илк туркологик сайт ‒ turkona.uz иш бошлади. Ташкил топганига кўп бўлмаган эса-да, туркийлар ҳаётига оид турли-туман янгиликлар, тарихий маълумотлар, қизиқ статистикалар юртдошларимиз эътиборига тушаётгани, қувонарлидир. Шу боис, туркона.узнинг яратилиш тарихи, олдига қўйган мақсади, вазифалари билан жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида сайт таъсисчиси Давронбек Орипов билан суҳбат уюштирдик.
– Таъкидланганидек, turkona.uz Ўзбекистондаги ростмана, илк туркологик сайт сифатида иш бошлади. Тўғри, бунга қадар ҳам, аксарият веб-сайтлар туркийлар ҳаёти ҳамда тарихига оид қизиқарли маълумотлар улашиб келаётган эди. Лекин уларда туркийлар мавзуси тўлақонли қамраб олинмаган, маълум жабҳаларигина ёритилар эди. Бизга сайт яратилиш тарихи, бунга сабаб бўлган омиллар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Бундан ўн-ўн тўрт йиллар аввал, яъни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети бакалавриатида ўқиб юрган кезларимдаёқ туркология ҳамда фольклорга қизиқар, уларга оид адабиётларни топиб, ўқишга ҳаракат қилардим. Магистратура босқичида фольклорга оид мавзуда диссертация ёқлаган бўлсам, ҳозирги кунда ЎзМУнинг журналистика факультети “Ўзбек адабиётшунослиги” кафедраси таянч докторантиман. Эътиборлиси, “Дада Қўрқут” ва “Ўғузнома” китобий эпосларининг қиёсий тадқиқи” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқдаман. Яхши маълумки, ҳар иккала эпос туркий халқларнинг бебаҳо мероси ҳисобланади.
Омиллардан яна бири, атоқли турколог олим, филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов билан бир маҳаллада истиқомат қилганим ва устозга шогирд бўлганим сабабдир. Хуллас, анчадан бери туркологик тадқиқотлар учун эркин минбар яратиш, ушбу соҳага қизиқувчилар учун қардошлараро “кўприк” барпо этиш ниятим бор эди. Мана, насиб қилган экан жорий йилнинг 2 август санасида туркона.уз сайтини ишга туширдик.
– Сайтда асосан қандай маълумотлар бериб борилиши кўзда тутилган? Нима деб ўйлайсиз, сайт ўз ўқувчиларига нима бера олади?
– Албатта, ўринли савол. Очиғи, ушбу савол берилишини кутгандим. Ҳозирда сайтда 15та бўлим мавжуд бўлиб, уларда асосан туркий халқларга оид янгиликлар, энг сўнгги хабарлар, тарихга оид қизиқарли мақолалар, туркий миллатлардан етишиб чиққан буюк инсонларга оид иқтибослар ва шу кабилар ўрин олган. Назм, Наср, Мақолалар, Бу қизиқ каби бўлимлар албатта кузатувчилар эътиборини тортмай, қолмайди.
Шунингдек, сайтимизда фольклор деган бўлим ҳам мавжуд бўлиб, унда табиийки туркий халқлар халқ оғзакига оид нодир намуналар бериб борилиши кўзда тутилган. Тўғри, сайт ҳали эндигина тетапоя қилаётган гўдак каби ёш ва ғўр бўлса-да, келгусида контентлар сонини янада ошириш ҳаракатидамиз.
Энди эса бевосита саволингизнинг сўнгги қисмига тўхталсам. Сайт ўқувчига нима бера олади? туркона.уз туркология ҳамда фольклорга оид билимларни янада мустаҳкамлашда, ота-боболардан қолган тарих ҳамда анъаналарни пухта ўзлаштиришда, қардош халқлар маданиятини янада танитишда беминнат кўмакчи, вафодор дўст бўла олади, дея дадил айта оламан.
– Баъзи бир ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар турли даватлар ўртасидаги ихтилофли вазиятлар, тортишувли мавзуларга билиб-билмай аралашиб қолганига, муаммо илдизини чуқур англамай, ўз нуқтайи назарини кенг оммага эълон қилиб юборганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Сайт жамоаси ушбу масалаларга муносабати қизиқ, албатта.
– Дарҳақиқат, жамоа бундай ҳолатларни инобатга олган ҳолда, тармоқда сиёсий вазиятлар, тортишувли, баҳсли ҳолатлар, фитна ва тарафкашлик ғояларини тарқатувчи мавзуларни четга суриб, бирдамлигимизни янада мустаҳкамлайдиган, дўстлик ришталарини қўллаб-қувватлайдиган мавзуларга мурожаат қилиш ҳаракатида.
– Turkona.uz'ни кузата туриб, она тилимиздан ташқари, бошқа тилларда, хусусан, рус, озарбайжон ҳамда турк тилларидаги материалларга ҳам кўзимиз тушди. Бу сайтнинг оммабоплигини таъминлаш учун қаратилган стратегиями ёки...?
– Тўғри англабсиз, turkona.uz ўзбек тилидан ташқари рус, озарбайжон ҳамда турк тилларида ҳам материаллар эълон қилаётир. Бунинг асосий сабаби, авваламбор, сайтни кўплаб турк ҳамда озарбайжон қардошларимиз кузатиб боришади. Маълумингизки, татар, гагауз, Чуваш, хака, ёқут сингари туркий халқлар эса русийзабон. Шу боис контентни шу тилларга қаратганмиз. Келгусида, сайтда қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа қардош халқлар тилларида ҳам мақолалар бериб бориш режалаштирилган. Мақсад, юқорида таъкидлаганимдек, туркийлар бирдамлигини мустаҳкамлаш.
– Жамоа асосан ёшлардан таркиб топгани эътиборимизни тортди. Бу ўзбек ёшларининг тобора аждодлари тарихига қизиқиши ортаётгани, улардан қолган бебаҳо меросни ўрганишга бўлган меҳридан дарак беради. Шундай эмасми?
– Ҳақсиз, сайт жамоаси асосан ёшлардан таркиб топган. Ҳозирда жамоада Улуғбек Алимов, Миразиз Суюнов, Гуласал Рустамова, Зулфия Раҳматуллаева, Сабрина Нурматова, Севинч Экинова сингари туркологияга қизиқадиган, келажагини унга боғлашга аҳд қилган, бир неча хорижий тилларни биладиган истеъдодли ёшлар фаолият юритмоқда. Улар тайёрлаётган мақола, ролик ҳамда материаллар тенгдошлари қатори зиёли қатламни ҳам жалб этаётганини қайд этишни хоҳлардим. Келажакда улардан маҳоратли олимлар етичиб чиқишига ишонаман.
– Сўнгги йилларда, хусусан, сўнгги етти йилда туркий давлатлар билан дўстлик ришталари, маданий алоқалар, янада мустаҳкамланиб, кўплаб ҳамкорлик меморандумлари имзолангани, ўзбек, туркий сифатида шахсан мени бениҳоя қувонтирди. Шу аснода туркона.уз сайтининг қардош халқлар, уларнинг ахборот тарқатувчи, туркий қавмлар дўстлигини тараннум қилувчи ташкилотлари билан дўстлик “кўприк”ларини ўрнатиш масалалари ҳам кун тартибига қўйилганми? Агар шу савол режада бўлса, қайси ташкилот ҳамда ижтимоий тармоқлар билан маданий алоқалар йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда?
– Ушбу саволни сайт яратилишидан анча аввал жамоа орасида ўртага ташлаб, жуда кўп муҳокама қилган эдик. Табиийки, қардошлар билан “дўстлик кўприги” қурмасдан, қўлни қўлга бермасдан сайт ишини жадал юрғизиб бўлмайди. Назаримда, бу мантиқсиз ҳам. Куни кеча, Озарбайжоннинг “Кафказҳ Медиа Гроуп” Медиа ва Яйим ЛЛC ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Эндиликда, сайт хабарлари қардошларниг сайтларида озар тилида, уларнинг хабарлари туркона.узда мунтазам эълон қилиб борилади. Бу ҳодисани чиндан-да, катта ютуқ деган бўлардим.
Хўш, шунингдек, яқин орада Туркия Жумҳурияти ва Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Қозоғистон Республикасининг “Shinar japiraqtari” ёш истеъдодлар иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидамиз. Кейинчалик, бошқа туркий халқлар билан ҳам маданий алоқаларни мустаҳкамлашни дилга тукканмиз. Хуллас, режа ҳамда лойиҳалар бисёр.
Четин Йилдиз, Мелаика Мирзали, Бести Сатторова каби қардош ижодкорлар сайтнинг мунтазам меҳмони эканини ҳам пайқадик. Улар ҳақидаги маълумотлар ўзбек муштарийлари учун қизиқ бўлади.
Бундан олдинги саволингизда қўлни қўлга бермасдан дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб бўлмайди деб, бежиз айтмаган эдим. Туркология ҳамда фольклорнинг моҳир билимдонлари бўлган озарбайжонлик ёш олималар Бести Сатторова, Мелайка Мирзали, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети ўқитувчиси, турк фольклоршуноси Четин Юлдуз ҳамда турк олимаси, ёзувчи Ҳадича Қорақоя бизнинг яқин дўстларимиз. Сайтимизни қўллаб-қувватлаб, тажриба ва кўникмалари билан ўртоқлашишади. Таъбир жоиз бўлса, Туркия ва Озарбайжондаги қардошлар олаётган нафасни уларнинг “пульс”и орқали ҳис қиламиз десам, асло муболаға қилмаган бўламан.
– Талабалар минбари бўлими туркологик сайтдан жой олгани очиғи, ҳайратимга сабаб бўлди. Бўлимдаги аксарият материаллар сайт мавзусига алоқадор эмаслигини кузатдик. Ушбу бўлим ҳақидаги фикрингизга қизиқдик.
– Бу жиҳатни эътиборга олгандик, шу каби саволлар аввал ҳам берилган эди. Ушбу бўлимни сайт контентига қўшишдан мақсад, аввало, ўзбек талаба-ёшларини turkona.uz сайти билан яқиндан таништириш эди. Бундан ташқари, ёшлар ўз ижод намуналарини бизга жўнатгач, албатта сайтни кузатади ва туркология нима эканини англайди. Сизга бир аччиқ ҳақиқатни айтаман: аксарият ёшлардан туркология нима эканини сўрасангиз, турк тили ёки турк грамматикаси ўрганиладиган фан, дея жавоб беради. Афсуски, шундай.
Фурсатдан фойдаланиб шуни таъкидламоқчиманки, ушбу бўлимда ижодкор ёшлар назм, наср, мақолалар, илмий мақолалар билан бир қаторда, ролик ҳамда креатив ғояларини ҳам татбиқ этиш имконига эга.
Ажабмас, туркона.уз сабаб, юз нафар ёшдан ўн нафари Туркологияга қизиқиб, унга оид билимларини мустаҳкамлаб, мақолалар ёзиш даражасига чиқса, туркийлар ҳаётига оид илмий тадқиқотлар олиб борса, биз олдимизга қўйган мақсадга етган бўлар эдик.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу сайт орқали Туркология ривожига, туркийлар бирдамлиги ҳамда тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, turkona.uz сайтининг ишларига зафарлар тилаймиз.
ЎзЖОКУ талабаси Зулайҳобону МЎМИНОВА суҳбатлашди