"Манчестер Сити" молиявий қоидалар билан боғлиқ яна бир суриштирувга дуч келиши мумкин. Англия Премьер-лигасининг айрим клублари манчестерликларнинг 2018 йилдан кейинги ҳомийлик шартномаларини қайта текширишни талаб қилмоқда.
The Independent маълумотига кўра, бу ташаббус тарафдорлари аввалги текширувда шубҳа уйғотган молиявий амалиётлар кейинги йилларда ҳам давом этган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Бироқ АПЛнинг бошқа иштирокчилари янги суриштирувга қарши. Улар навбатдаги суд жараёнлари йиллаб чўзилиши ва чемпионат нуфузига путур етказишидан хавотирда. Қолаверса, янги айбловларни исботлаш учун етарли далил тўплаш осон бўлмаслиги мумкин.
"Манчестер Сити" ўз навбатида молиявий қоидаларни бузганини рад этиб келмоқда.
Агар янги текширувга рухсат берилса, у амалдаги ишдан мустақил равишда олиб борилади. Клубга нисбатан эҳтимолий санкциялар эса суриштирув ва ҳуқуқий жараёнлар якунига боғлиқ бўлади.