Бугун 20 октябрь, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Мана, Норбоева нега Сенатда: "Учинчи қадамда қонун билан “михлаймиз”!"

Мана, Норбоева нега Сенатда: "Учинчи қадамда қонун билан “михлаймиз”!"

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 1000 нафар меҳмонларни қабул қилиш имкониятига эга йирик ресторанлар раҳбарларига, бу ресторанларни меҳмонхонага айлатириш кераклиги таклифини билдирди, деб ёзмоқда Қалампир нашри.

Кеча, 18 сентябрь куни Ҳалқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.

Унда Танзила Норбоева сўз олиб, жорий йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорга тўхталди. Унинг таъкидлашича, ушбу қарорнинг қабул қилинишига айнан Тошкентдаги дабдабалар сабаб бўлган. 

“Сенатнинг йиғилишида тўйлар масаласида қарор қабул қилдик. Ушбу қарорга 10 мингдан ортиқ одамлар онлайн овоз берди.  Ана шу овозлар асосида қарор қабул қилинди. Мен айтмоқчиманки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг ушбу қарори қонуний кучга эга. Бу қарор ким учун қилинди, деган саволга жавоб шуки, биринчи навбатда Тошкент шаҳри учун қилинди. Республика учун амал қилади, аммо ўзагида Тошкент шаҳри турибди. Чунки ҳамма дабдаба Тошкент шаҳрида бўляпти”. 

Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида тўй индустрияси ривожланди. Тўй-ҳашамлар, маросим ва тадбирларни ташкил этувчи, таъбир жоиз бўлса, янгидан-янги дабдабаларни ўйлаб топувчи корхона ва ташкилотлар тузилди. Бир тарафдан олиб қарасанг, улар ҳам тадбиркор. Пул топяпти, хизмат кўрсатяпти, иш билан таъминлаяпти, солиқ тўлаяпти. Иккинчи тарафда эса миллий қадрият, урф-одат, маънавият, таълим ва тарбия ҳақида бонг урилмоқда. Танзила Норбоева сўзида давом этаркан айнан тадбиркорлик масалаларига тўхталди. 

“Айтишингиз мумкин: тадбиркорлик ҳуқуқи у бўляпти, бу бўляпти... Қачонки, одамларнинг тинчлиги бузиладиган, уларнинг урф-одатларига путур етаётган бўлса, ёшларимиз тарбиясига зарар келтирилаётган бўлса, биз бундай тадбиркорликни қандайдир чекловлар билан барибир тартибга солишимиз керак бўлади”. 

Шундан сўнг у Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига аъзолари олдига қуйидаги вазифаларни кўндаланг қўйди: 

“Навбатдаги сессияда тўй ва маросимларни ўтказишдаги тартиб бўйича алоҳида чора-тадбирларни белгилаб олинглар, буни Тошкент шаҳар намунали бўлиб кўрсатиши керак. Қарор – иккинчи қадам. Учинчи қадамда қонун билан “михлаймиз”. Лекин бу қарор ҳам қонуний кучга эга. Тошкент шаҳар битта ҳам “нарушение” қилмаслиги керак. Биз 1 январдан кучга киради деганмиз. Лекин ҳозирданоқ тарғиботини олиб бориш керак”.

Маълумки, пойтахт Тошкентда 10 дан ортиқ 700-800, ҳатто, 1000 кишини бағрига сиғдира оладиган ресторанлар бор. Хўш, улар нима қилиши керак. Норбоева қуйидагича маслаҳат берди: 

“Ресторанлар раҳбарларига айтиш керак: жуда катта ресторан қурган бўлса, уни меҳмонхонага айлантирсин. 1000 та одамни чақириб тўй қилмайди энди. Бунинг жавобгарлиги бўлади”.

Бугунгача пойтахтдаги тўйларда меҳмонлар сони ўртача 300-350 та бўлиб келаётганди. Аммо катта-катта кўргазма залларида, сароймонанд ресторанларда 600 дан 1000 тагача меҳмон чақириб таклиф қилиб, хориждан санъаткор олиб келиб тўй қилганлар ҳам бўлди. Хуллас, дабдабали тўйларга ружу қўйганлар орасида айрим мансабдорлар ҳам. Ана шундай мансабдорлардан бир қанчаси кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтган йиғилишда ҳам савлат тўкиб ўтирган эди. Улар ҳақида Норбоева шундай дейди:

“Интернетни ўқияпсизларми? Интернетда нима дейишяпти: ўзлари учун чиқарибди бу қарорни, ўзлари риоя қилсин биринчи навбатда... Раҳбарлар, ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, ҳамма даражадаги раҳбарлар ўзи намуна бўлиб, мана шундай маросимларни ўтказиши керак. Шундагина халқ бизнинг ортимиздан эргашади. Қачонки биз ўзимиз дабдаба қилаверсак, ижрони эса халқдан талаб қилсак, кулгили бўлади. Эртага яна карикатура қилиб, ўзимизни чиқариб қўйишади”

Киритилди: 15:55 19.09.2019. Ўқилди: 2867 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!