Бугун 6 май, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Маьмурий суд ишларини юритишнинг янги босқичи фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади

Маьмурий суд ишларини юритишнинг янги босқичи фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади

Жамиятнинг демократик тамойилларга қай даражада асосланганлиги бевосита судларнинг мустақиллигига боғлиқ. Ўз навбатида, мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қо­нунимизда белгиланган ушбу ҳуқуқлар самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Маълумки, давлат органлари ёки ман­сабдор шахслар томонидан фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганда, уларни ҳимоя қилиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 январда қабул қилинган ПҚ-107-сонли қарори маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ўзида мусажжамлаштирган, аниқ мақсадлар кўзда тутилган ҳужжат бўлди.

Қарорда маъмурий судларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадидапроцессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.

Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда эса, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади.

Тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш белгиланиши айни муддао бўлиб, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишда қонунийлик тўлиқ таъминланиши билан бирга, суд томонидан тасдиқланган келишув битимини ижрога қаратилишида тарафларга қулайликлар яратади ҳамда қисқа муддатларда низоларни ҳал этилишига эришилади.

Судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланиши ҳам алоҳида мустаҳкамланди.

Ушбу қонун нормасининг киритилиши ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ёки тадбиркорлик субьектларининг судма-суд юриб, овора бўлишларига барҳам беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судлов ҳимоясида бўлиш имкониятини ошириб, суд қарорларининг ижро этилиши юзасидан давлат органлари устидан таъсирчан суд назорати ўрнатилишига ва пировардида маъмурий суд ишларини юритилишининг халқаро талаблар доирасида такомиллаштирилишига хизмат қилади.

Сухроб Талипов,

Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси

Киритилди: 10:55 10.02.2022. Ўқилди: 2649 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!