Бугун 9 август, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Мамдани: «Нетаньяхуни ҳибсга олиш ваколатимиз йўқ, буни федерал ҳукумат амалга ошириши керак»

Мамдани: «Нетаньяхуни ҳибсга олиш ваколатимиз йўқ, буни федерал ҳукумат амалга ошириши керак»

Нью-Йорк шаҳар мэри Зоҳран Мамдани Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси йиғилишида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келган тақдирда, шаҳар маъмурияти уни мустақил равишда ҳибсга олиш бўйича ҳуқуқий ваколатга эга эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у бу борада тегишли ваколат федерал ҳукуматда мавжуд эканини таъкидлади.

Мамдани X ижтимоий тармоғида эълон қилган видео мурожаатида Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Нетаньяхуга нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордерини ижро этиш ҳақида аввал билдирган фикрларига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, Нетаньяху уруш жиноятларида айбланаётган шахс бўлиб, Ғазода 73 мингдан ортиқ фаластинликнинг ҳалок бўлишига олиб келган воқеаларнинг асосий масъулларидан бири ҳисобланади. Мамдани Ғазода болалар ва шифохоналар нишонга олингани, озиқ-овқат қамали ўрнатилгани, гуманитар ёрдам ходимлари ҳамда журналистлар ҳалок бўлганини эслатди.

«Бу воқеалар содир бўлаётган бир пайтда, инсонларни ўлдираётган бомбалар учун маблағ АҚШ солиқ тўловчиларининг чўнтагидан чиқмоқда», – деди Мамдани.

У Нетаньяхунинг ҳаракатлари ҳуқуқий баҳоланиши ва уни суд олдига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Мамдани Нью-Йоркка ташриф амалга оширилган тақдирда Халқаро жиноят судининг ҳибсга олиш ордерини бажариш имкониятларини ҳар томонлама ўрганиб чиққанликларини маълум қилди.

«Бу ордерни мустақил равишда ижро этиш учун бизда ҳуқуқий ваколат йўқлиги аниқ. Бироқ федерал ҳукумат бундай ваколатга эга. Шунинг учун мен уларни Халқаро жиноят судига қўшилиш ва мазкур ордерни ижро этишга чақираман», – деди у.

Мамдани, шунингдек, Нетаньяху ва бошқа уруш жиноятларида айбланаётган шахсларга Нью-Йоркда ўрин йўқлигини қайд этди.

Аввалроқ Мамдани Нетаньяху сентябрдаги БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши учун Нью-Йоркка келса, шаҳар ҳокимияти ўз ваколатлари доирасида ҳаракат қилишини, бироқ бу мақсадда алоҳида қонун қабул қилмаслигини билдирган эди.

«Менимча, Нетаньяхунинг ўрни Гаагада. У Халқаро жиноят суди томонидан айбланаётган уруш жиноятчисидир», – деган эди Нью-Йорк шаҳар мэри.

Бу баёнотга жавобан Нетаньяху Мамданини «Яқин Шарқдаги ягона демократия ҳисобланган яҳудий давлати раҳбарига ҳужум қилишда» айблади. Шунингдек, у Халқаро жиноят судининг АҚШ ва Исроил фуқаролари устидан юрисдикцияси йўқлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди 2024 йил 21 ноябрь куни Ғазода содир этилган деб баҳоланаётган уруш жиноятлари ҳамда инсониятга қарши жиноятлар юзасидан Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан ҳибсга олиш ордерини чиқарган.

Киритилди: 17:08 22.07.2026. Ўқилди: 648 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!