Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев ушбу мамлакатнинг Malakoff Corporation Berhad компанияси бош ижрочи директори Анвар Шахрин Абдул Ажиб билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Малайзия томонига Ўзбекистонда “яшил” энергия саноати истиқболи, айниқса гидроэнергия бўйича фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Малайзия томонига республика ҳудудларида дарё ва каналларда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ҳамда йирик қувватли гидроиншоотларни барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди.
Анвар Шахрин Абдул Ажибнинг айтишича, компания Малайзиядаги энг йирик мустақил энергия ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Умумий қуввати 8782 МВт бўлган иссиқлик ва 173 МВт қайта тикланувчи электр станцияларига эгалик қилади.
“Ўзбекистонда ъяшилъ энергия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар менда катта таассурот қолдирди. Мамлакатингиз эришган натижалар ва улкан режалардан илҳомланиб, ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш учун жорий йилда Ўзбекистонга боришни режалаштиряпмиз”, деган у.
Malakoff Corporation Berhad компанияси 1975 йил 9 октябрда ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти электр энергияси ишлаб чиқариш, шўр сувни чучуклаштириш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш ҳамда чиқиндиларни бошқаришдан иборат.