Самарқанд вилояти Пайариқ туманида мактабни таъмирлаш режасига киритишини айтиб, унинг директоридан 2 600 АҚШ доллари олган Халқ таълими вазирлиги масъул ходимига суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Халқ таълими масъул ходими илгари содир этган жинояти учун судланиб, иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаган. Аммо белгиланган жазодан етарлича хулоса чиқармасдан яна жиноятга қўл урган. Жумладан, ходим хизмат ваколатига кирмаса-да, 2019 йил сентябрь ойида Давлат дастури асосида таъмирлаш режасига киритилган мактаблар рўйхатида Пайариқ туманидаги мактабнинг ҳам борлигини билгач, мактаб директорига харажатдан қочмаса, мактабини таъмирлаш режасига киритиб беришни ваъда қилган.
Шундан сўнг мактаб директори талаб қилинган 1 300 долларни масъул ходимга берган. Ходим эса пулни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Бу орада мактабга дастур асосида таъмирлаш учун пул ажратилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилган. 2020 йил июль ойи бошида мазкур ходим ушбу мактабга инвентар жиҳозлар ажратиш дастурга киритилганидан хабар топиб, директорга яна 1300 доллар берса, ёрдам қилишини айтган. Директор С.Холматова бу таклифга ҳам рози бўлган.
Қайд этилишича, орадан маълум вақт ўтгандан сўнг мактаб директори алданганини билиб қолиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилган. Мурожаат асосида вазирлик ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Суд мажлисида масъул ходим айбига иқрор бўлиб, тергов даврида етказилган зарарни жабрланувчига қоплаб берганини баён қилган ва суддан енгиллик беришни сўраган.
Таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида судья айбланувчининг айбига иқрорлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топган. Шунингдек, жиноятни ғаразли ва паст ниятларда содир қилганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаган. Унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоларининг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган.