Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Макрон Франциядаги талабалар норозилигига жавобан қатъий чоралар кўришга ваъда берди

Макрон Франциядаги талабалар норозилигига жавобан қатъий чоралар кўришга ваъда берди

Франция президенти Эммануэль Макрон мактаб ўқувчиларининг таълим шароитларини яхшилаш талаблари билан бошланган намойишлар мамлакат бўйлаб тартибсизликларга айланганидан сўнг, ҳукумат аниқ ва қатъий чоралар кўришини маълум қилди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.

Макрон 26 октябрь куни ҳукуматга норозилик ҳаракати иштирокчиларининг қонуний талабларига жавоб беришни топширганини айтди. Президент, шунингдек, 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари яна тартибсизликлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Давлат раҳбари Франциянинг иккинчи йирик шаҳри Марселга ташрифи чоғида 17 октябрь куни зарар кўрган шаҳар ҳокимлиги биносига борди. У талончилик ва вандализмдан жабрланган тадбиркорлар билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

24–25 октябрь кунлари бўлиб ўтган намойишлар давомида 1435 киши ҳибсга олинган. Тартибсизликлар оқибатида 267 нафар полициячи ва жандарм, шунингдек, 150 нафар намойишчи жароҳатланган.

Норозиликлар 21 сентябрь куни Париж яқинидаги Кретей шаҳрида бошланган. Ўқувчилар ўқитувчилар етишмаслиги, синфхоналарнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетгани ва дарс жадвалларининг зичлигидан норозилик билдирган. Кейинчалик намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалган. Иштирокчилар давлат хизматлари сифати ва аҳоли турмуш харажатларининг ошиб бораётганини ҳам танқид қилган.

Париж, Марсель ва Лионда тинч намойишлар тартибсизликларга айланган, бинолар ва дўконларга зарар етказилган, талончилик ҳолатлари кузатилган.

Макрон ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг истеъфо ҳақидаги илтимосини рад этган. Шу билан бирга, ундан тартибсизликлар ва талончиликка чек қўйиш учун қўшимча чоралар ишлаб чиқишни талаб қилган. Бош вазир Себастьян Лекорню эса зарурат туғилганда айрим шаҳар марказларида маҳаллий комендантлик соатини жорий этиш бўйича топшириқ берган.

Бу вазият Францияда 2027 йил 18 апрелда бўлиб ўтиши белгиланган президентлик сайловлари арафасида юзага келмоқда. Ўнг қанот етакчиси Марин Ле Пен тартибсизликлардан кейинги чиқишида ғалаба қозонса, мамлакатда қонун устуворлигини тиклашга ваъда берган.

Киритилди: Бугун 18:28. Ўқилди: 224 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!