Маккада кучли ёмғир сел ва сув тошқинларига сабаб бўлди.
7 январь куни Макка шаҳрида ёғган кучли ёмғир ва сел сув тошқинларини келтириб чиқарди. Саудия Арабистонининг SPA расмий ахборот агентлиги хабар беришича, ёмғир шаҳарнинг кўплаб туманларини қамраб олган.
Маҳаллий ва ижтимоий медиаларда тарқалган сурат ва видеоларда шаҳардаги кўчалар, хиёбонлар, ва йўллар сел суви билан тўлиб кетгани акс этди. Баъзи жойларда автомобиль ва мотоцикллар сув оқимида судралиб кетган. Маккадаги иш жойлари ва дўконлар сув босгани сабабли иқтисодий зарар етказилган.
Саудия Арабистони Миллий метеорология маркази кучли ёмғир, шамол, ва дўл ёғиши эҳтимоли ҳақида олдиндан огоҳлантирган эди. Бироқ сел сувларининг тезкор оқими шаҳар инфратузилмасига жиддий таъсир кўрсатди.
Ҳозирча сел натижасида инсонлар орасида қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмади. Вилоят ҳокимияти ва фавқулодда вазиятлар хизмати фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди ҳамда ҳозирда сел сувларини тозалаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.