Венесуэла президенти Николас Мадуро Қўшма Штатларни мамлакатга қарши “чексиз уруш” ўйлаб топаётганликда айблади.
Каракаста бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган Мадуро АҚШнинг Кариб ҳавзасида ҳарбий фаолиятни кучайтираётганига эътибор қаратди.
Президентнинг таъкидлашича, Вашингтон минтақа мамлакатларига қарши янги ҳарбий сценарий устида иш олиб бормоқда.
“Улар янги, чексиз урушни ўйлаб топишмоқда. Улар бошқа жанг қилмасликка ваъда беришганди, аммо энди яна уруш ҳақида ўйлаяптилар. Биз эса ундан қочишга ҳаракат қиляпмиз. Америка халқи бу ҳақда ўйлаб кўриши керак — улар Вьетнамдек янги урушни хоҳлашяптими? Улар Колумбия, Венесуэла ва Кариб халқларига қарши урушни қўллаб-қувватлайдими?” — деди Мадуро.
Мадуро Венесуэлада кока барглари етиштирилмаслигини таъкидлаб, АҚШни “асоссиз ва бўртиравий” айбловлар қўйишда айблади.
“АҚШ ҳарбий кучлари кундан-кунга Венесуэла қирғоқларига яқинлашмоқда”, — деди у.
Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес ВТV телеканали орқали берган баёнотида мамлакат АҚШдан келаётган “реал таҳдид”га қарши тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
“Биз сўнгги бир асрдаги энг жиддий таҳдидга дуч келдик. АҚШнинг ҳарбий-ҳаво ва денгиз кучлари кундан-кунга қирғоқларимизга яқинлашмоқда. Венесуэла ҳар бир қарич ерни қатъият билан ҳимоя қилади”, — деди вазир.
Лопеснинг сўзларига кўра, Венесуэла Миллий Боливар Қуролли Кучлари (FANB) ва давлат институтлари мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилишга тайёр.
Венесуэла матбуоти маълумотларига кўра, АҚШ Кариб денгизи ва Тинч океанида гиёҳванд моддалар ташигани тахмин қилинган 10 та кемага зарба берган, натижада 43 киши ҳалок бўлган.