Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШ томонидан қуролли ҳужум содир этилган тақдирда мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади.
Бу ҳақда Боливар республикаси ижрочи вице-президенти Делси Родригес суверенитет ва тинчлик бўйича миллий кенгашнинг дипломатик корпус вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилган. Унинг сўзларини Venezolana de Televisión телеканали эфирга узатди.
"Фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармон республикамизнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети, мустақиллиги ва ҳаётий стратегик манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган”, — деди Родригес.
Унинг таъкидлашича, агар "АҚШ қуролли кучлари Венесуэлага қарши тажовуз қилишга журъат этса" ҳужжат дарҳол кучга киради.
Родригеснинг таъкидлашича, ҳужжат давлат раҳбарига “конституцияда кўзда тутилганидек, инфратузилма, коммунал хизматлар, нефт-газ саноати ва бошқа соҳаларни зудлик билан ҳарбий назоратга олиш учун Республика Миллий Боливар Қуролли Кучларини бутун мамлакат бўйлаб сафарбар қилиш бўйича махсус ваколатлар” беради.
Ҳужум содир бўлган тақдирда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий қисмлар ва резервчиларни чақириш, қуруқлик, денгиз ва ҳаво чегараларини ҳимоя қилиш, мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳам режалар амалга оширилади, деди ижрочи вице-президент.