Бугун 8 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Маданият вазирлиги санъаткорларни солиққа тортишда енгилликлар беришни сўради

Маданият вазирлиги санъаткорларни солиққа тортишда енгилликлар беришни сўради

Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан санъаткорлар ва концерт-томоша соҳасидаги ижрочилар хизматларини “Солиқ” мобил иловаси орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш таклифи юзасидан Маданият вазирлиги муносабат билдирди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, тўй, юбилей, суннат тўйи, никоҳ маросимлари ҳамда ресторан ва бошқа тадбирларда кўрсатиладиган ҳар бир хизмат “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида солиққа тортилиши режалаштирилган. Бу эса ҳар бир чиқиш алоҳида ҳисобга олиниб, солиқ ундирилишини назарда тутади.

Маданият вазирлиги аввал ушбу ҳужжатни кўриб чиқиб, айрим бандлари юзасидан эътирозлар киритилганини маълум қилди. Қайд этилишича, ҳозирги кунда концерт-томоша соҳасида фаолият юритувчи шахслар амалдаги қонунчилик асосида солиқ тўлаб келмоқда. Хусусан, улар ҳар ойда камида бир баравар базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда 412 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди, шунингдек, йиллик даромадидан 12 фоиз даромад солиғи ундирилади.

Шу боис вазирлик айрим муҳокамаларда учраётган “санъаткорлар умуман солиқ тўламайди” деган фикрлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, давлат тадбирларига жалб этиладиган ижодкорлар ва ижрочиларнинг хизмат ҳақлари ҳам қонуний тартибда тўланиши қайд этилди.

Маданият вазирлиги лойиҳа юзасидан енгилликлар киритиш, солиқ ставкаларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳа вакиллари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда нормаларни аниқлаштириш бўйича таклифлар билдирганини маълум қилди.

Вазирлик ушбу масалада жамоатчилик фикри муҳим эканини таъкидлаб, якуний қарор қонунийлик, адолат ва амалий самарадорлик тамойиллари асосида қабул қилиниши лозимлигини қайд этди.

Киритилди: 21:48 07.04.2026. Ўқилди: 423 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!