Ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда, сабаби қутқарувчилар ўрмон ёнғинларидан жабр кўрган барча ҳудудларга ҳали етиб бормаган.
Лос-Анжелес ўт ўчириш бошқармасининг сўнгги маълумотларига кўра, 12 мингга яқин уй вайрон бўлган. Ўтган тунда тахминан 9,5 минг гектар ҳудуди ёниб кетган Пасифик-Палисейдс шаҳри чеккасида ёнғин кўлами ошган, деб хабар беради Los Angeles Times.
Сўнгги бир неча кун ичида 180 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани айтилмоқда. 11 январ куни ёнғин қўшимча бир нечта ҳудудларни қамраб олди, натижада ҳукумат эвакуация зонасини кенгайтирди. Кеча сокин шамол ва намликнинг ошиши ёнғинларни ўчиришда муваффақиятга эришишга ёрдам берган бўлса-да, Миллий об-ҳаво хизмати келгуси ҳафтада кутилаётган об-ҳаво шароити яна ёнғинлар тарқалишини кучайтириши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Шаҳар расмийлари ёнғинлар оқибатида ҳаво сифати ёмонлиги сабабли аҳолига имкон қадар уйда қолишни тавсия қилган. Очиқ ҳавода ишлайдиган ҳар бир киши респиратор кийиши керак, дейди Лос-Анжелес округи соғлиқни сақлаш департаменти вакили Аниш Маҳажан.