Калифорниянинг Лос-Анжелес округида юз берган ёнғинлар оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда маҳаллий ABC телеканалига округ шерифи Роберт Луна маълум қилган.
Калифорния ёнғин хизмати маълумотларига кўра, ёнғинларнинг умумий майдони 10 минг гектардан ошди ва ўсишда давом этмоқда. Ёнғин 1000 дан ортиқ бинони вайрон қилган. Лос-Анжелес округидаги 930 000 дан ортиқ мижозлар электр таъминотисиз қолган.
AccuWeather консалтинг компанияси маълумотларига кўра, ёнғинлардан кўрилган зарар ва иқтисодий йўқотишлар 52-57 миллиард долларни ташкил қилади.
1500 га яқин ўт ўчирувчи ёнғин билан курашмоқда. Маҳаллий ҳокимият қўшни округлардан ўт ўчирувчилардан ёрдам сўраган, Вашингтон, Орегон ва Невада штатларидан фавқулодда хизматлар ҳам ёрдамга юборилган. Бироқ учала ёнғиннинг бирортаси ҳам ҳозирча ўчирилгани йўқ. Ёнғинлар ҳудудида кучли шамоллар билан бирга паст намлик сақланиб қолмоқда.