Лондонда ҳужжатсиз муҳожирлар истиқомат қиладиган Thistle City Barbican меҳмонхонасига ўт қўйилди, воқеага алоқадор бир киши ҳибсга олинди.
Бу ҳақда Скотленд-Ярд ўз баёнотида маълум қилди.
"Полиция ходимлари 64 ёшли эркакни бошқаларнинг ҳаётига хавф туғдириш мақсадида ўт қўйиш ва ўткир буюмни қонунга хилоф равишда эгаллашда гумон қилиб қўлга олди”, — дейилади хабарда.
24 сентябрь куни кечга яқин содир бўлган ҳодисада ҳеч ким жабрланмади, ёнғин тез ёрдам етиб келгунига қадар меҳмонхона ходимлари томонидан ўчирилди. Полиция воқеани нафрат жинояти сифатида баҳоламоқда.
Сўнгги ҳафталарда Буюк Британия бўйлаб ҳужжациз муҳожирларнинг бошпана сўровлари кўриб чиқилаётган вақтда солиқ тўловчи ҳисобидан меҳмонхоналарда жойлаштирилишига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Норозилик тўлқини июль ойи ўрталарида Англия шарқидаги Эссекс штатидаги Эппинг шаҳрида ушбу меҳмонхоналардан бирида қолаётган 38 ёшли эфиопиялик қочқин 14 ёшли қизга жинсий тажовуз қилганликда айбланганидан сўнг бошланди. 23 сентябрь куни у бир йилга озодликдан маҳрум этилди.
2018 йилдан бери 180 мингдан ортиқ ҳужжациз муҳожир пуфланадиган қайиқларда Ла-Манш бўйлаб Буюк Британияга ўтган. Ўтган июль ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг Лейбористлар партияси тузган ҳукумат Буюк Британияга ноқонуний мигрантларнинг кириб келишининг олдини олиш учун Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиришга ваъда берган эди.
Уларнинг бошпана сўраб мурожаатлари кўриб чиқилар экан, ҳужжациз муҳожирларни махсус марказларга жойлаштиришга ҳаракат қилинмоқда, бироқ бундай марказлар сони етарли эмас. Буюк Британия Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи ҳолатига кўра, 32 минг ҳужжатсиз муҳожир мамлакат бўйлаб 210 меҳмонхонага жойлаштирилган. The Times нашрига кўра, бошпана изловчилар Британия солиқ тўловчиларига йилига тахминан 4 миллиард фунт стерлинг (тахминан 5,4 миллиард доллар) туради. Буюк Британия ҳукумати 2029 йилгача мигрантларни меҳмонхоналарда жойлаштиришни босқичма-босқич тўхтатишга ваъда берди.