Ливан ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Бу Ҳабиб Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда маълум ижобий силжишлар борлигини, бироқ якуний натижага ҳали эришилмаганини айтди. У La Repubblica нашрига берган интервьюсида унинг мамлакати тегишли келишувни имзолашга тайёрлигини, энди ҳаммаси Исроилга боғлиқлигини ишонтирди.
"Биз америкаликларга (воситачи бўлиб ишлаётган) БМТнинг 1701-резолюциясини тўлиқ бажаришга тайёр эканлигимизни айтдик, энди ҳаммаси Исроил томонига боғлиқ" - деди вазир.
Абдулла Бу Ҳабиб ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув 60 кунлик ўтиш даврини кўзда тутаётганини, бу даврда Исроил армияси чиқиб кетиши, Ливан жанубидаги ҳудуд эса БМТ Муваққат кучларининг тинчликпарвар миссияси кўмагида миллий армия назорати остида бўлишини таъкидлади. Ливан армияси ва БМТ миссияси сони оширилиши мумкин. Ливанлик вазирнинг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш режими ливанликлар, исроилликлар, БМТ муваққат кучлари вакиллари, америкаликлар ва французлардан иборат қўмита томонидан назорат қилинади.