Ливаннинг яқинда сайланган президенти Жозеф Аун Халқаро суд раҳбари Наваф Саламни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинлади.
Душанба куни ливанлик депутатларнинг аксарияти Наваф Салам номзодини илгари сурди. Ливан парламентининг 128 аъзосидан 84 нафари унга овоз берди, бош вазир вазифасини бажарувчи Нажиб Микати эса бор-йўғи тўққизта овоз олди, 35 нафари бетараф қолди.
Саламга ғарбпараст сиёсий кучлар депутатлари ҳамда мустақил қонунчилар овоз бергани тахмин қилинади. Салам Саудия Арабистони ва Ғарб давлатлари томонидан қўллаб-қувватлангани ҳам маълум.
Саламнинг Ливан ҳукуматининг янги раҳбари этиб сайланиши мамлакатдаги диний гуруҳлар ўртасидаги мувозанатда сезиларли ўзгаришлар бўлди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ливаннинг сиёсий тизими ҳокимиятни турли диний жамоалар ўртасида тақсимлашга асосланган. Шундай қилиб, асосий ҳукумат лавозимлари маълум диний гуруҳлар вакиллари учун ажратилган: мамлакат президенти маронит насроний бўлиши керак, бош вазир фақат сунний мусулмон, парламент спикери эса фақат шиа мусулмон бўлиши мумкин.
Сўнгги йилларда Ҳизбуллоҳ бир неча бор Саламнинг бош вазир бўлишига тўсқинлик қилган ва уни “АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган номзод” деб атаган.
Сешанба куни Нажаф Салам бош вазир этиб тайинланганидан кейин Ливанга қайтди. У Байрутдаги президент саройида Жозеф Аун ва парламент спикери Набиҳ Берри билан учрашиб, янги вазирлар маҳкамасини шакллантириш жараёнини расман бошлаши режалаштирилган.
Ливан матбуотига кўра, Саламнинг олдида қийин вазифа турибди, чунки Ливан Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги урушни тугатиш учун Исроил билан сулҳ тузган. Салам ҳам мамлакатни иқтисодий инқироздан олиб чиқиш учун астойдил ҳаракат қилиши керак.