Куз қиш мавсумида парваришга муҳтож аъзолардан бири — лаб. Бу мавсумда уларнинг қуруқлашиши, ёрилиши, нурсиз бўлиб қолиши кузатилади.
Бу нафақат салқин об-ҳаво, балки организмнинг ички ҳолатига ҳам боғлиқ. Шунинг учун лаб терисини алоҳида парвариш қилиш талаб этилади.
Таъсир этувчи омиллар
Авитаминоз. Организм А, Е ва С витаминларига кучли эҳтиёж сезса, лаб териси қуруқлашади.
Намлик даражаси. Кам суюқлик қабул қилинганда организмдаги сув баланси бузилади ва лаб ёрилишни бошлайди.
Зарарли одат. Лабни тил билан ялаб қўйиш, ҳадеб бир-бирига теккизиш яхши эмас. Бу ҳолатда лаб терисининг ҳимоя қатлами сустлашади.
Зираворлар. Аччиқ, шўр, нордон егуликлар терига ножўя таъсир кўрсатади. Таъм берувчи зираворлар эса тери сезувчанлигини ўзгартириши мумкин.
Аллергия. Упа, тонал креми ёки помада лаб терисига ёқмаса, аллергик реакция келиб чиқиши мумкин. Бунда тери атрофи буришади.
Руҳий босим. Кучли стресс, яширин кечувчи депрессия, асабийлик — лаб териси кучли қуруқлашишига олиб келади. Айниқса, бирор нимадан қаттиқ норози бўлганда ички руҳий ҳолат лаб терисида акс этади.
Уқалаш машқи
Салқин ҳаво лаб терисига озор бермаслиги учун лабни кунора уқалаб туриш керак: кўрсаткич бармоқ билан лабнинг устки қисми енгил пайпасланади. 5-8 дақиқалик уқалашдан сўнг, бу соҳада қон айланиши яхшиланади. Уқалашни бошлашдан аввал лаббўёқни ўчириб, озроқ ўсимлик ёғи ёки вазелин суртиш керак. Бундан ташқари, лабга бодом, узум данаги ёки чаканда ёғидан кунора суртиб турилса, лаб қуруқшаб қолмайди.
Фойдали ниқоблар
2 ошқошиқ сметанага 6-8 томчи лимон суви ва 1 чойқошиқ зайтун ёғи аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани лабга суртиб, 10 дақиқага қолдирилади.
Тенг миқдорда сметана ва творог аралаштирилади. Озроқ асал қўшилади ва аралашма лабга қуюқ қилиб суртилади.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА тайёрлади.
Manba: od-press.uz