Президент Шавкат Мирзиёев кўмир қазиб чиқаришда эришилган натижалар ва келгуси вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди.
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонодонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида кўмир саноатида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги лойиҳалар ишга туширилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳажмлари оширилмоқда.
2024/2025-йиллар куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 миллион тонна кўмир қазиб олиниб, иссиқлик электр станциялари, бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилди.
2025/2026-йиллар мавсумида эса 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш мақсад қилиб қўйилгани маълум қилинди. Бу борада “Ўзбеккўмир” АЖ корхоналарининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, соҳада янги ишлаб чиқарувчиларнинг фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Президент мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Корхоналарни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш, бозор тамойилларини жорий этиш ва рақобатни кучайтириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.