Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида кутилмаганда Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласига борди.
Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зидлиги, ичимлик суви йўқлиги, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмагани, маҳалла идорасининг ўзи ҳам хароблиги, бино орқасида чиқиндилар ётгани қайд этиб ўтилган.
Давлат раҳбари маҳалла раиси ва маслаҳатчиси билан мулоқотда бўлди.
«Сизлар одамларни уюштиришингиз, бошқаларга ўрнак бўлишингиз керак. Шу маҳалланинг эгаси-ку сизлар! Мўмин-мусулмон-ку сизлар! Дарахт экса бўладими? Чиқиндини тозалатиб қўйса бўладими? Деворни оқласа бўладими? Шунга кўп нарса керакми? Биз маҳаллага шунча эътибор қаратяпмиз, катта ваколатлар беряпмиз. Бу ҳолатда қандай ислоҳотчи бўласизлар, одамларни қандай эргаштирасизлар?», дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.
Президент маҳаллага ташриф чоғида йўлларнинг ҳолати ёмонлиги, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмагани учун Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаевга, шаҳар прокурорига ва маҳалла раисига танбеҳ берди.
«Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Аҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз.
Қачон одамларнинг дарди билан яшайсизлар? Исаев, қанча вақт бўлди ҳоким бўлганингга? Ҳеч бўлмаса деворларни оқлатиб, ҳовлиларни тозалатиб қўйсанг бўларди-ку?
Мен Фарғонага борганимда хулоса чиқармадингларми?», деган президент.
Шу ерга тўпланган аҳоли билан ҳам мулоқот бўлди. Нуронийлардан бири маҳаллада ичимлик суви, табиий газ, ишлаб чиқариш корхонаси йўқлигини, йўллар таъмирга муҳтожлигини айтди.
«Мен шунинг учун келганман», деди президент.
Мутасаддиларга зарур муҳандислик тармоқларини тортиб, маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатма берилди.