27 апрель, душанба куни соат 21:15 дан 23:05 га қадар эсган кучли шамол Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб талафотларни келтириб чиқарган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Таъкидланишича, кучли шамол натижасида вилоятда учта кўп қаватли уйнинг 1020 метр/кв том ёпмаси, 52 та якка тартибдаги турар-жой биносининг том қисмлари, иккита ташкилот биносининг 200 метр/кв том ёпмаси, иккита ички газ қувури, бешта иссиқхона ҳамда 97 та турли-хил катталикдаги дарахт зарарланган.
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Шунингдек, дарахтлар ва биноларнинг том қисми қулаши натижасида электр энергияси ва табиий газ таъминотида фавқулодда ўчишлар юзага келган.
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ҳозирда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматининг тегишли куч ва воситалари жалб этилган ҳолда кучли шамол оқибатлари бартараф этилмоқда.
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Тадбирга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан 16 та техника ва 75 нафар шахсий таркиб жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни республика ҳудудига кириб келган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказди.
Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда Бухорода бўлиб, вилоятидаги ҳолатни кўздан кечирмоқда.