Қўшма Штатлар ушбу санкцияларни амалдорларнинг оила аъзоларига, шунингдек Куба адлия ва жазони ижро этиш тизимидаги айрим ходимларга ҳам татбиқ этмоқда.
АҚШ маъмурияти Куба президенти Мигел Диас-Канел ва мамлакатнинг икки юқори лавозимли амалдорига нисбатан виза чекловлари жорий этди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио расмий баёнотида маълум қилди. Унга кўра, ушбу санкциялар инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ ҳаракатлар учун қўлланилган.
Санкциялар Куба Инқилобий Қуролли Кучлари вазири Алваро Лопес Миера ва Ички ишлар вазири Лазаро Алберто Алварез Касасга ҳам тегишли. Баёнотда уларнинг 2021 йил июль ойидаги норозилик намойишларида иштирокчиларни ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқларга солиш ҳолатларига алоқадорлиги таъкидланган.
Қўшма Штатлар ушбу санкцияларни амалдорларнинг оила аъзоларига, шунингдек Куба адлия ва жазони ижро этиш тизимидаги айрим ходимларга ҳам татбиқ этмоқда. Мазкур шахсларнинг исмлари ва лавозимлари очиқланмаган.
Бундан ташқари, АҚШ Гаванадаги Торре К меҳмонхонаси каби Куба ҳукумати билан алоқадор деб ҳисобланган 11та мулкка ҳам молиявий санкциялар жорий қилганини билдирди. Мулкларнинг тўлиқ рўйхати эса ҳозирча эълон қилинмаган.