Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон ва Швеция ҳамкорлиги йўлга қўйилади

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон ва Швеция ҳамкорлиги йўлга қўйилади

Коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади. Шу боисдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан хорижий давлат ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 22 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ҳамда Швеция қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Ингрид Терсман билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда Швеция ва Ўзбекистон ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, коррупцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик ва дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқишда ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнларида экспертлик кўмагини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Агентлик директори Акмал Бурханов Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилгани, хусусан, ўтган йилда соҳага оид муҳим ташкилий, дастурий ҳужжатлар қабул қилиниб, алоҳида мустақил идора ташкил этилганини қайд этди. Шунингдек, Агентлик олдида турган муҳим вазифалар, ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида Швеция элчиси Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар барча соҳаларда ижобий натижалар кўрсатаётганини эътироф этган ҳолда, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишдан мамнун эканлигини маълум қилди. Хусусан, Швециянинг мазкур йўналишдаги тузилмалари, ақл марказлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишда ўз ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдириб ўтди.
 

Учрашувда ҳамкорликка оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.  

Маълумот учун: Швеция Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича 180 мамлакат орасида 4-ўринда туради.

Швеция қонунчилиги пора олишни давлат секторидаги пора ва хусусий сектордаги пора сифатида ажратади. Швецияда давлат секторидаги порахўрлик оғирроқ жиноят ҳисобланади.

Швециядаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар оғир эмас. Ушбу санкциялар дунёнинг кўплаб нуфузли мамлакатларидаги жиноят қонунчилигидан анча енгил ҳисобланади. Швеция давлат бошқарувидаги коррупцияга қарши курашнинг муваффақияти швед жамиятининг таълимидир.

Швецияда жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашда муҳим рол ўйнайди. Бунда оммавий ахборот воситаларининг хам ўрни катта, чунки улар шахснинг мавқеидан қатъий назар, дарҳол коррупциянинг барча ҳолатларини ошкор қилишади.

Швецияда коррупцияга қарши энг нуфузли жамоат бирлашмаси Швециянинг Коррупцияга қарши кураш институтидир. Институт 1923 йилда ташкил этилган.

2003 йилда Швеция прокуратурасида коррупцияга қарши курашиш миллий тармоғи ташкил этилди ва 2012 йилда коррупцияга қарши курашиш миллий полиция тармоғи ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашда Швеция фуқаролари ҳамда коррупция ҳақида маълумот берувчи оммавий ахборот воситалари муҳим ўринга эга.

Киритилди: 16:16 23.01.2021. Ўқилди: 2146 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!