Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Коронавирус: Безгакка қарши дорилар ўлим хавфини оширади

Коронавирус: Безгакка қарши дорилар ўлим хавфини оширади

Безгакка қарши қўлланиладиган  хлорохин ва гидроксихлорохин дори воситаларидан SARS-CoV-2 коронавирусини даволаш учун қабул қилиш ўлим хавфини оширади. The Lancet тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқот хулосасида ана шундай дейилмоқда.

Тадқиқот раҳбари, бирлашган Бостон тиббиёт маркази доктори Мандип Мернинг сўзларига кўра, юқоридаги дорилар коронавирусга чалинган беморларни даволашда нафақат фойда, балки зарар ҳам келтириши мумкин.  

Тадқиқотда олтита қитъадаги 671та касалхонадан 96 минг бемор иштирок этган. Улар тўртта гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ гидроксихлорохин, иккинчи гуруҳ хлорохин, учинчи гуруҳ иккала доридан бирини антибиотиклар билан бирга қабул қилган. Охирги гуруҳдагилар бу дорилардан ҳеч бирини қабул қилмаган.

Якунда иккала дорини қабул қилмаган беморлар орасида ўлим кўрсаткичи 9 фоизни ташкил этган. Коронавирусдан хлорохин ёрдамида даволанганлар орасида бу кўрсаткич 16,4 фоиз бўлган. Гидроксихлорохин қабул қилганлар орасида эса ўлим кўрсаткичи 18 фоизга тенг бўлган. Антибиотиклар билан хлорохин қабул қилганларда кўрсаткич 22,8 фоизга, гидроксихлорохин ва антибиотик қабул қилганларда 23,8 фоизга етган.

Цюрих университети клиникаси кардиология бўлими мудири Франк Ружицкнинг айтишича, безгакка қарши дорилар айниқса юрак касалликлари бўлган беморлар учун хавфли.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусдан даволашда гидроксихлорохиндан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида ишончли далиллар йўқлигини билдирган.

Бироқ кўплаб мамлакатларда коронавирусга чалинган беморларни даволашда айнан безгакка қарши дорилардан фойдаланилмоқда. Жумладан, АҚШда март ойининг охирида FDA фавқулодда чоралар сифатида шифохонадаги чекланган ҳолатларда Covid-19'ни даволаш учун хлорохин ва гидроксихлорохинни қўллашни тасдиқлади. 

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Covid-19 профилактикаси, ташхиси ва даволаш бўйича вақтинча тавсияларида, безгакка қарши дорилар истиқболли деб кўрсатилган. 

Францияда шифокорлар ҳам ушбу дориларни коронавирус билан оғриган беморларга буюришлари мумкин. 

Ҳиндистонда гидроксихлорохинни истеъмол қилиш соғлиқни сақлаш ходимлари профилактикаси, шунингдек, коронавирус билан касалланган бемор билан алоқада бўлганлар ва шифокорининг кўрсатмасини олганлар учун тавсия этилади.

Яқин Шарқнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Баҳрайн, Марокаш, Жазоир ва Тунис, ушбу дориларни ишлатишга рухсат берган ёки клиник синовлардан ўтмоқда.

Киритилди: 07:15 23.05.2020. Ўқилди: 2502 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!