Карантин даврида масофадан туриб ишлашнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб кетди. Янги ва ностандарт бандлик шакли ахборот-коммуникация технологияларини билиш билан бевосита боғлиқ эканлиги сир эмас. Интернет тармоғининг кенг ривожланиши меҳнат муносабатлари соҳасидаги одамлар учун ҳам қўшимча имкониятларни очди.
Аслида масофавий иш тушунчаси америкалик олим Джек Ниллес томонидан илгари сурилган бўлиб, у 1972 йилда офисда ходимларни ушлаб туриш керак эмас, улар қаерда бўлса ҳам манфаат келтириши бирламчидир, деган ғояни билдирган эди. Чунки замонавий коммуникация воситалари ходимлар ўртасидаги алоқани масофадан бўлса ҳам олиб бориш имконини бера бошлаган эди.
Ўз назариясини амалда синаб кўриш учун Жанубий Калифорния университетида муваффақиятли тажрибалар ўтказди. Унинг лойиҳалари Америка миллий илмий жамғармаси томонидан молиялаштирилган.
Ҳукумат масофадан туриб ишлаш ғоясини ривожлантиришга, уни шаҳарларда кескин бўлган транспорт муаммоларининг ечими сифатида кўришга қизиқиш билдирди. Янги меҳнат ташкилоти бу масалаларни ечиш баробарида, чекка қишлоқ ҳудудлари аҳолиси бандлигини таъминлаши мумкин эди.
АҚШда ҳозирги вақтда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг деярли учдан бир қисми, компанияларнинг эса 60 фоизи иш билан бандликнинг ноанъанавий яъни мослашувчан шакллари билан қамраб олинганки, бу қулай вазият бугунги инқироз шароитида жуда қўл келмоқда.
Ишлаб чиқариш ва хизмат биносини ижарага олиш катта харажат талаб қилаётган ҳозирги пайтда корхона ва ташкилотларда функцияларнинг бир қисмини масофада туриб ишлашга ўтказиш салмоқли маблағларни тежаш, рақобатбардошликни ошириш имконини беради.
Масофадан ишлаш давлат органларида, ташкилот ва компанияларда қоғоз ва ҳужжат ёзишмалари харажатларини 67 фоизга, жамоат транспорти воситалари сарфини 5 фоизга, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси харажатларини 14 фоизга ва жамоат транспорт воситалари харажатларини 5 фоизга камайтирар экан.
АҚШда кичкина корхоналар масофадан ишлаш ҳисобига ҳар йили 10 минг доллардан ортиқ маблағ тежаб қолмоқда.
Ривожланган мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида бугунги кунда масофадан туриб меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан асосан олий таълимга эга 26-42 ёш ўртасидаги кишилар шуғулланаётгани маълум бўлди.
Шу жумладан, агар масофада туриб ишлаётган ходимларнинг 45 фоизи кичик ва ўрта бизнес соҳаси ҳиссасига тўғри келса, йирик компанияларда бу кўрсаткич 29 фоизни ташкил қилмоқда. Масофавий иш турлари эса сўнгги 15 йилда 11 маротабага кўпайган.
Нималарга эътибор қаратиш лозим?
Бундай форматдаги ишни бошлаётган ходимлар учун жиддий синов. Улар кутилган натижага эришишлари учун жараённи пухта ўзлаштириб олишлари керак. Чунки бир нафар ходим томонидан қоидаларга риоя қилинмаслиги жамоадан занжир узилишига ва ишнинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.
Масофадан туриб ишлашда аввал диққатни жамлаган ҳолда, алоҳида уй шароити бўлиши, чалғитувчи нарсалардан ҳоли муҳит яратилиши муҳим. Масалан уйда музлатгич, телевизор, уй ҳайвони ёки қилиниши зарур бўлган уй юмушлари бўлса, чалғимаслик мумкин эмас.
Ҳаммасига улгуриш учун вақтни тўғри тақсимлаб олиш, айрим уй ишларини тушлик вақтидан унумли фойдаланган ҳолда бажариб олиш мумкин. Масофадан ишлаш жараёнида асосий мувофиқлаштирувчи билан яқин амалий мулоқотни ўрнатиш, уйда ўзингиз учун ҳар томонлама қулай бўлган, шу билан бирга ишхона раҳбарияти билан боғланиш учун мақбул бўлган кийимни кийиш, тез-тез қисқа муддатларда жисмоний машқлар билан шуғулланиб бориш ниҳоятда долзарбдир.
Чунки уй шароитида бир жойда ўтириш, ҳаракатсизлик саломатликка жиддий зарар етказиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, вазиятни тўлиқ назоратга олиш шарт.
Мураккаб шароитда бу нима беради?
Мураккаб шароитларда, эпидемиологик вазиятлар кучайганда, фавқулодда вазиятларда масофадан туриб ишлаш кўп жиҳатдан фойдалидир. Бу иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлайди, ишчининг даромадлари камайиб кетмаслигининг ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яхши воситаси ҳамдир. Таълим олиш жараёнларининг ҳам барқарор давом этишига ҳисса қўшади.
Ўзбекистонда ҳам ҳозирда умумтаълим мактабларнинг 6,1 миллион нафар ўқувчилари масофадан туриб онлайн-сабоқлар олаётганини фикримизни тасдиқлайди.
Таниқли олим Герберт Уэллснинг таъкидлашича, инсоният ҳаёти давомида Ерда яшаш учун мослашиб борган. Корпоратив дунё билан ҳам худди шу нарса рўй беради: бизнес ва вируснинг гирдобли ҳаракати даврида ҳам самарали ечим топиш ва қулай шароитларда яшашда давом этиш асосий вазифа бўлиб қолаверади.
Наргиза АБДУРАҲМАНОВА