Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласи фаол ишлаб чиқилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё».
Шу муносабат билан жорий йилнинг 23-28 август кунлари Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) президенти Чой Хёнг Жин бошчилигидаги Корея делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, делегация ташрифининг биринчи куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ва KEITI президенти Чой Хёнг Жин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг эришилган даражаси ва қўшма грантларни амалга ошириш масалалари, Жиззах вилоятидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, ўзбекистонлик мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш, қўшма илмий дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Корея ҳукумати Иқтисодий ривожланиш ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) томонидан молиялаштирилиши кутилаётган «Жиззах вилоятида чиқиндиларни комплекс бошқариш» инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари лойиҳасини кўриб чиқдилар. Экология вазирлиги мутахассисларининг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, ҳужжат лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Корея Республикаси делегациясининг ташрифи доирасида, шунингдек, Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов полигонини бошқаришни такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 6,6 миллион долларга тенг грант лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилиш, Жанубий Корея экологик технологиялари кўргазмаларини ўтказиш, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги чиқиндихоналар, сув тозалаш ва канализация тозалаш иншоотларига ташрифлар, шунингдек, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.