Халқаро ёрдам ходимларининг огоҳлантиришича, Конго Демократик Республикаси шарқидаги бир қатор патогенлар, жумладан, Эбола ва mpox вируслари намуналари сақланадиган тадқиқот лабораториясининг хавфсизлиги минтақада қуролли можаро авж олгани сабабли хавф остида қолмоқда, деб хабар беради BBC.
Сўнгги кунларда М23 исёнчилари ва Конго ҳукумат кучлари ўртасида шиддатли жанглар бўлиб ўтди. Кўпгина мамлакатлар ва экспертлар Руандани М23 ни қўллаб-қувватлаганликда айблашади, лекин Руанда буни рад этади.
Бир кун аввал исёнчилар Гома шаҳрини қўлга киритганликларини эълон қилишди. Жанглар шаҳар электр тармоғига зарар етказди, натижада хавфли вируслар сақланадиган биолабораторияда электр энергияси узилиб қолди.
Халқаро Қизил Хоч қўмитаси музлатиш камераларининг ёпилиши вирус тарқалиши хавфини туғдириши, бу эса Эбола ва mpox каби инфекцияларнинг тарқалишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ушбу вируслар муздан туширилса, ташқарига чиқиб кетмаслиги учун лабораторияда -80 дан -150 даражагача бўлган ҳароратда сақланади.
Зўравонликнинг кучайиши Эбола туфайли ўлим даражаси 80% га етадиган минтақада ушбу инфекцияларнинг оммавий тарқалишига олиб келиши мумкин. ЖССТ экспертлари, шунингдек, минтақа аллақачон mpox вирусининг янги штамми ўчоғи эканлигини таъкидлади.
Ўтган йили минтақада 20 мингдан ортиқ mpox касаллиги қайд этилган, бироқ курашнинг кучайиши эпидемияни назорат қилишни имконсиз қилган.
Ёрдамчилар Гома кўчаларида ўлик жасадлар ва яраланган тинч аҳоли борлигини хабар қилмоқда. Йил бошидан буён мамлакат шарқидаги жанглар туфайли ярим миллион киши уйини ташлаб кетган.
Агар инфекция қочқинлар орасида тарқала бошласа, оқибати ҳалокатли бўлиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда мутахассислар.