Бугун 18 август, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Комил Алламжонов: "Бу бировни ҳақорат қилиш ёки камситиш ҳуқуқини бермайди" (видео)

Комил Алламжонов: "Бу бировни ҳақорат қилиш ёки камситиш ҳуқуқини бермайди" (видео)

Матбуот ва оммавий ахборот коммуникациялари агентлиги раҳбари Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифасида мулоҳаза қолдирди. Унда бугунги ахборот даврининг энг нозик жиҳати, энг муҳим жиҳати акс этган. Бу фикрларга амал қилиш, ҳар бир ахборотнинг тўғрилигини текшириш, нотўғри, нохолис ахборотларни жойламаслик бугунги даврнинг асосий талабларидан биридир.

"Веб-ресурс эгаси Интернет тармоғига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилигини аниқлаган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт. 

Зеро, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай хатти-ҳаракатларнинг таъриф-тавсифи ва уларга белгиланган жазолар аниқ кўрсатиб ўтилган. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунида: “Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади”, деб белгиланган.

Шунингдек, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда: «Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар», дея қайд этилган.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, веб-сайтнинг ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер Интернет тармоғидаги ўз веб-ресурси орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиши қатъий ман этилган. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 140-модаасига мувофиқ эса, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мамлакатимизда фикр билдириш эркинлиги таъминланган, лекин бу бировни ҳақорат қилиш ёки камситиш ҳуқуқини бермайди. Бу ҳам инсоний, ҳам қонуний нуқтаи назардан тўғри эмас", деб ёзади Комил Алламжонов.

Киритилди: 10:17 14.08.2019. Ўқилди: 534 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!